Ўзбекистон | 17:00 / 01.09.2024
5393
7 дақиқада ўқилади
Реклама

Мустақиллик байрами Навоий кон-металлургия комбинатида кенг нишонланди

Юртимизда мустақиллигимиз ўттиз уч йиллиги Навоий кон-металлургия комбинатининг эллик минг кишилик жамоаси, улар оила аъзоларига чексиз қувонч бағишлади. Корхона бўлинмалари жойлашган ҳудудларда ҳам байрам тадбирлари бўлиб ўтди. “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” эзгу ғояси остида нишонланган тадбирларда соҳа фидойилари меҳнати, ютуқлари юксак шарафланди.

Фото: Навоий кон-металлургия комбинати

Жумладан, Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна”, Зарафшон шаҳридаги “Қизилқум”, Учқудуқ шаҳридаги “Лочин”, Ғаллаорол туманидаги “Маржонбулоқ” ўйингоҳлари, Нуробод шаҳридаги “Нуробод”, Заркент қўрғонидаги “Кончи” маданият уйлари ва бошқа бўлинмаларда бўлиб ўтган тадбирлар кончиларни бир даврага жамлади. Уларда минглаб ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари, фахрийлар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.

Анъанага кўра, тадбирларда соҳа фидойиларининг машаққатли меҳнати юксак эътироф этилиб, бир гуруҳ соҳа илғорлари Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар фахрий ёрлиқлари, турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари, “НКМК фахрийси” унвони, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, комбинат бош геологи Сергей Руднев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвони, 2-гидрометаллургия заводи аппаратчиси Абдували Қаюмов “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Мурунтов” транспорт цехи автосамосвал ҳайдовчиси Зокир Норов “Шуҳрат” медали, “Фарҳод” маданият саройи директори ўринбосари, хонанда Шерзод Давронов “Дўстлик” ордени билан мукофотлангани улкан жамоа меҳнатининг юксак эътирофи бўлди.

- Ўттиз бир йилдан буён оғир юк кўтарувчи карьер автосамосвал ҳайдовчиси бўлиб ишлайман. Касбим, ишим ўзимга ёқади. Инсон меҳнат қилса, албатта, роҳатини кўраркан, - дейди З.Норов. - Мустақиллик айёми менинг ҳаётимга қувонч олиб кирди.  “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу мен учун кутилмаган совға бўлди. Албатта, бу эътироф ва эътибор ҳамкасбларимга ўрнак бўлиб ишлашга, юртга сидқидилдан хизмат қилишга чорлайди.

Айниқса, “Фарҳод”, “Олтин водий”, “Учқудуқ”, “Кончи”, “Нуробод” маданият муассасалари бадиий жамоалари ва санъаткорлари, жумладан, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Шерзод Давронов, “Дўстлик” ордени соҳиби Серижан Жанахметов, Муслима Нуримбетова, Баҳодир Олтибоев, Башорат Ражабова, Дилдора Абдиева ва бошқа хонандаларнинг чиқишлари байрам тадбирига янада файз бағишлади. Мустақиллик, ватан, дўстлик мадҳини ўзида мужассам этган куй-қўшиқлар, мушакбозлик юртдошларимизга чексиз фахр, қувонч ва шукроналик улашди. Зеро, мустақиллик барчамизни мана шундай дориломон кунларга етказди. Тақдири, келажагини ўз қўли билан яратаётган элимизга мана шундай байрамлар ярашади.

Яна шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, мустақиллик арафасида ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларни ишга тушириш жамоада анъанага айланган. Энг улуғ, энг азиз байрамга муносиб туҳфа сифатида корхонасида қатор объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, 3-гидрометаллургия заводида ишга туширилган 7-тегирмон блоки ана шундай муҳим объектлардан биридир. Унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати бир миллион тоннага тенгдир. Айни пайтда кейинги босқичдаги 8-тегирмон блокини барпо этиш ишлари ҳам якунига етказилмоқда. Унинг ишга туширилиши заводда маъданни қайта ишлаш қувватини 10 миллион тоннага етказади. Бу ишлар “Кокпатас ва Довгистов олтин конларида маъдан қазиб олиш (III навбати)” инвестицион лойиҳаси асосида амалга оширилмоқда.

Шунингдек, фойдаланишга топширилган Шимолий кон бошқармаси Марказий физика-кимёвий лабораториясининг янги биноси ва биолаборатория ҳам байрамга муносиб совға бўлди. Янги лаборатория ойига 10 мингдан ортиқ намуналарни таҳлил этиш билан бирга, ишлаб чиқариш ҳамда тадқиқот ишлари самарадорлигини таъминлаш имконини беради.

Ишчи-ходимларга муносиб иш шароитлари яратиш борасида ҳам энг улуғ, энг азиз байрам кунлари қатор ижтиомий объектлар ишга туширилди. Хусусан, “Мурунтов” конида ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш мақсадида барча қулайликларга эга 430 ўринли маиший бино, “Шарқий” конида 250 ўринли янги ошхона, “Довгизтов” конида янги бино фойдаланишга топширилди. 

Мустақиллик арафасида Навоий кон-металлургия комбинати бир қатор нуфузли эътирофларга сазовор бўлди. Жумладан, “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги томонидан илк маротаба “Барқарор” прогнози билан “ВВ-“ даражасидаги узоқ муддатли кредит рейтингини олди.

Ушбу агентлик томонидан компаниянинг кредитга лаёқатлилик хусусиятлари “bb” даражасида баҳоланиши 2024 йил якунлари бўйича 3 миллион унциядан (Moz) ортиқ олтин ишлаб чиқариш кутилаётган жаҳонда тўртинчи йирик олтин ишлаб чиқарувчи компаниянинг молиявий барқарорлигини акс эттиради. Улкан корхонамиз молиявий барқарорлиги “Fitch Ratings” агентлиги томонидан тасдиқланиши компаниянинг глобал трансформациясидаги навбатдаги қадамдир. Бу улкан корхонанинг стратегик режалари ва операцион самарадорлигини мустаҳкамлайди. Келажакдаги ўсиш учун мустаҳкам пойдевор яратади. “Fitch Ratings” томонидан рейтингнинг берилиши компания фаолияти муваффақиятидан далолат бериб, ҳамкорлик ва янги молиявий воситалар, шу жумладан, қимматли қоғозларни чиқариш орқали жорий этиш имкониятларини очади.

Мустақиллик байрами арафасида комбинат яна бир эътирофга сазовор бўлди. Жумладан, корхона ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими халқаро сертификатини қўлга киритди. Мазкур сертификат ташкилот фаолияти коррупцияга қарши кураш менежменти тизимининг халқаро стандартларга мувофиқлигини билдиради ҳамда барча даражадаги бошқарув аппаратига шаффофлик ва очиқликни таъминлаш юзасидан катта масъулият юклайди.

Шуниндек, “Маънавият фестивали” доирасида комбинат бўлинмаларида байрам олдидан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ҳам бўлиб ўтди. Тадбирларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Узоқова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова, Ўзбекистон Давлат филармонияси хонандаси Саидакбар Холматов, ИИВ ансамбли хонандаси Эркин Худойқуловлар ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар, саҳна монологлари, ўз ижод намуналарини ҳавола этгани барчага бирдек кўтаринки кайфият бағишлади.

Бир сўз билан айтганда, Мустақиллигимизнинг ўттиз уч йиллиги комбинат жамоаси томонидан мана шундай ютуқ ва зафарлар билан қарши олиниб, кўтаринкилик билан нишонланди.

 “НКМК” АЖ матбуот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид