Жаҳон | 22:36 / 01.09.2024
6389
2 дақиқада ўқилади

Тайван АҚШдан беш баробар кўпроқ Stinger харид қилади

АҚШ томони битимнинг янги шартларини маъқуллаган. Натижада буюртма қиймати 418,6 миллион доллардан 2,16 миллиард долларгача ошган.

Фото: Taipei Times

Тайван Миллий мудофаа вазирлиги АҚШдан Stinger кўчма зенит-ракета мажмуалари (КЗРМ) харидини беш баробарга оширишини маълум қилди.

Аввалги битим бўйича 178 та Stinger учириш қурилмалари, шунингдек, 170 та «дўст-душман» тизими ва КЗРМ учун 500 та ракета етказиб берилиши керак эди. Парламентга тасдиқланиш учун юборилган янги сўровда қўшимча 549 та учириш қурилмаси ва 1985 та ракета кўрсатилган.

Қайд этилишича, АҚШ томони битимнинг янги шартларини маъқуллаган. Натижада буюртма қиймати 418,6 миллион доллардан 2,16 миллиард долларгача ошган.

Тайванлик амалдорларга кўра, Хитой ҳарбийларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа идентификация зонасига кириб келиши қуруқликдаги қўшинларнинг самолёт ва дронларга қарши мудофаа имкониятларини кучайтириш кераклигини кўрсатиб қўйган.

Бундан ташқари, кейинги йилда Тайван Ҳарбий-ҳаво кучларига самолётларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун 43,7 миллиард янги тайван доллари миқдорида маблағ ажратилади. Бу жорий йилги мудофаа харажатларидан 16 фоизга, ўтган йилга нисбатан эса 50 фоизга кўп демак.

Stinger’лар 2025 йилда Тайванга топширилиши керак. Ушбу қуроллар билан денгиз пиёдалари, ҳарбий полиция, шунингдек, соҳил қўриқлаш хизмати ходимлари ҳамда ҳарбий денгиз кучлари гарнизонларининг ҳарбий хизматчилари таъминланади. КЗРМларнинг иккинчи партияси 2031 йилда етказиб берилади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид