Жаҳон | 11:15 / 02.09.2024
9385
5 дақиқада ўқилади

Харкив яна ўққа тутилди — фотолар

47 киши яраланган, Спорт саройи ва савдо маркази вайрон бўлган.

Фото: Andrii Marienko/AP Photo/picture alliance

Якшанба куни россиялик ҳарбийлар Харкив бўйлаб бир неча баллистик ракеталар билан зарбалар йўллади, деб хабар беради маҳаллий расмийлар. Натижада Харкивдаги Спорт саройи ва савдо марказларидан бири вайрон бўлган, камида 47 киши, жумладан етти бола яраланган.

Харкив бўйлаб ракета зарбаси тўғрисидаги хабарлар маҳаллий вақт билан соат 13 дан кейин кела бошлаган. Маҳаллий расмийларга кўра, шаҳарда бир неча портлаш рўй берган, шаҳардаги инфратузилма объектлари шикастланган.

Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубовга кўра, учта жойда ракеталар портлаган: Спорт саройи, Салтивка райони марказидаги савдо маркази, шунингдек шаҳардаги Гидропарк атрофида.

Фото: EPA

Област прокуратураси маъум қилишича, Россия қўшини Харкивга «Искандер-М» ракеталари, шунингдек С-300/400 билан ҳужум қилган.

«Прокурорлар ва полиция терговчилари аниқлашдики, Харкив шаҳри Салтивка районидаги савдо марказига душман „Искандер-М“ русумли иккита баллистик ракетв қўллаган. Немишлянский районидаги Спорт саройида эса „Искандер-М“ типидаги учта ракета келиб тушиши, шунингдек атрофдаги ҳудудга С-300/400 типидаги учта ракета билан зарба берилиши қайд этилган», — дейилади хабарда.

Фото: EPA
Фото: EPA

Харкивдаги Спорт саройи шаҳардаги йирик майдонлардан саналади, бу ерда нафақат мусобақалар, балки тез-тез концертлар ва бошқа маросимлар ҳам ўтказилади.

Фото: Reuters

Салтивканинг турар жой массивидаги савдо марказига зарба оқибатида газ трубаси ёрилган, шунинг учун тарқалган тасвирларда воқеа жойида аланга кўтарилганини кўриш мумкин.

Харкив шаҳри мэри Игор Терехов хабар беришича, жабрланган болаларнинг энг кичиги уч ойлик. Прокуратуранинг аниқлик киритишича, бу болада стрессга ўткир реакция қайд этилган.

Жабрланганлар орасида тиббиёт ходимларидан икки нафари ва икки қутқарувчи ҳам бор.

Фото: Oleg Sinegubov / Telegram
Фото: Reuters

Шошилинч тиббий ёрдам маркази раҳбари Виктор Забаштанинг «Суспільне»га маълум қилишича, қутқарув хизмати ходимлари савдо маркази ҳудудига етиб боришганида такрорий зарба берилиши оқибатида жароҳатланган.

«Бригада дарҳол воқеа жойига йўл олди, улар савдо маркази олдида тўхташган. Шунда иккинчи зарба келиб тушган, парчалар автомобилга шикаст етказган, — деган Забашта. Врачда бош мия жароҳати қайд этилган, фелдшернинг кафт суяги синган».

Харкив бўйлаб ракета зарбасидан кейин президент Володимир Зеленский жаҳон етакчиларини Украинани Россия зарбаларидан ҳимояланиш учун зарур бўлган барча воситалар билан таъминлашга чақирган.

Фото: Reuters

Бунгача украинлар етакчиси бир неча марта ғарб мамлакатларини улар етказиб берилган қуроллар билан Россия ҳудудларига зарба беришга қўйилган барча чекловларни бекор қилишга чақирганди. Ҳозирда АҚШ Украина қуролли кучларига ўз қуролларидан фақат Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларидаги ҳарбий объектларига зарба беришда фойдаланишга рухсат берган.

«Россия яна Харкивни террор қилди. Тўғридан тўғри шаҳарга, фуқаролик инфратузилмаларига зарбалар, — дея ёзган Зеленский ижтимоий тармоқларда. — Ва бу террорни тўхтатиш учун дунёдаги барча кучларни жалб этиш керак. Бунинг учун фавқулодда кучлар шарт эмас, раҳбарларга етарлича жасорат — Украинага ҳимояланишга барча воситаларни бериш учун жасурлик керак».

Фото: Reuters

Россия мудофаа вазирлиги якшанба куни Харкив бўйлаб йўлланган зарбалар бўйича изоҳ бермаган.

Харкив бўйлаб бу сафарги зарба — сўнгги кунларда Украинанинг иккинчи энг йирик шаҳри иккинчи бор ёппасига ўққа тутилиши бўлди.

Жума куни бошқарилувчи авиабомба билан зарба берилиши оқибатида Харкивда 12 қаватли турар жой биноси шикастланганди. Фото: Reuters

30 август куни ФАБ-500 авиабомбалари ташланиши оқибатида шаҳарда 12 қаватли турар жой биноси вайрон бўлган, шунингдек болалар майдончасида 14 ёшли бола ҳалок бўлганди.

Маҳаллий расмийларга кўра, жами қурбонлар сони олти нафарни ташкил этган, 97 киши яраланган, шундан 22 нафари вояга етмаган болалар.

Мавзуга оид