Жаҳон | 15:37 / 04.09.2024
1950
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко 2020 йилги намойишларнинг 30 иштирокчисини афв этди

Беларус раҳбари матбуот хизмати республика Ички ишлар вазирлиги «озод қилинганларнинг хатти-ҳаракатлари устидан назоратни таъминлашини» маълум қилди.

Фото: AP

Беларус раҳбари Александр Лукашенко ўзини яна давлат раҳбари деб эълон қилган 2020 йилги президентлик сайловларидаги сохталаштиришга қарши намойишларда қатнашганликда айбланган 30 кишини афв этди. Бу ҳақда 4 сентябр, чоршанба куни унинг матбуот хизмати хабар берди.

Аниқлик киритилишича, афв этилганлар орасида 23 нафар эркак ва 7 нафар аёл бор. Маҳкумларнинг аксарияти вояга етмаганлар ва ёш болаларнинг ота-оналари. «Бу шахсларнинг барчаси афв этиш учун мажбурий шартларга риоя қилишди - улар кечириш учун ариза беришди, айбларини тан олишди, чин дилдан пушаймон бўлишди ва қонунга бўйсунадиган турмуш тарзини олиб боришга ваъда беришди», - дея Лукашенконинг матбуот хизматидан иқтибос келтиради Россиянинг «Интерфакс» ахборот агентлиги. 

«Озод қилинганларнинг хулқ-атвори устидан назорат республика Ички ишлар вазирлиги томонидан таъминланиши» кўрсатилган.

16 август куни ҳам Александр Лукашенко бутун мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган 30 нафар сиёсий маҳбусни афв этиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Беларусда 2020 йилги намойиш иштирокчилари таъқиб қилиниши

2020 йил 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг мамлакатда оммавий норозилик намойишлари тўлқини кузатилди. Намойишчилар янги, адолатли сайловлар ва сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилдилар, уларга иш ташлашга чиққан корхоналар ишчилари ҳам қўшилди. Намойишларни тарқатишда хавфсизлик кучлари намойишчиларга нисбатан шафқатсизлик кўрсатди. Намойишларнинг дастлабки кунларидаёқ, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб деярли 7 минг киши қўлга олинган, камида икки киши ҳалок бўлган.

Кейинчалик намойишлар чоғида ушланган кўплаб беларусликлар тергов изоляторидаги қийноқлар ва ғайриинсоний шароитлар ҳақида гапирди. 2020 йилда Беларусдаги норозилик намойишларида қўлга олинган 680 киши хавфсизлик кучларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Беларус Республикаси Тергов қўмитасига ариза билан мурожаат қилган. Бир йил ўтгач, Беларус Тергов қўмитаси матбуот хизмати «жиноят таркиби йўқлиги сабабли» бирон бир жиноий иш қўзғатилмаслиги ҳақида баёнот берди.

Мавзуга оид