Ўзбекистон | 07:29 / 06.09.2024
7350
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 9400 туп дарахт нобуд бўлиши мумкин

Автомобил йўллари қўмитаси Экология вазирлигидан Сурхондарё вилоятидаги 2та автомобил йўлини реконструкция қилиш учун 9405 туп дарахтни кўчириб ўтказишни сўраган.

Фото: Kun.uz

Журналист Илёс Сафаров телеграм каналида Денов туманининг Чим маҳалласидан бошланиб Олтинсой туманининг Шакарқамиш маҳалласигача бўлган йўлдаги барча дарахтларга қизил рангда махсус белгилар чизиб чиқилгани ҳақида маълум қилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2024 йилнинг 2 июл кунида Автомобил йўллари қўмитасидан Экология вазирлигига Сурхондарё вилоятида “4Р105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” ва 4Р100 “Манғузор-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” автомобил йўлларининг баъзи қисмларини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш жараёнига тўсқинлик қилаётган 9 405 туп дарахтни кўчириб ўтказишга доир тегишли кўрсатма сўралган хат йўлланган.

“Вазирлик бунга жавобан Ўзбекистон Президентининг 2021 йилдаги 46-сон Фармонига мувофиқ давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий амал қилингани ҳамда 2023 йилдаги 81-сон Фармонига кўра экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот олами дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига киритиш белгиланганини эслатган” – дейилади вазирлик изоҳида.

Қўшимча қилинишича, юқорида қайд этилган ҳудуддаги дарахтларнинг кўп йиллик ёши ва ҳажмидан ҳамда уларнинг ҳозирда тиним (вегетация) даврида эканлигидан келиб чиқиб, Экология вазирлиги дарахтларни кўчиришга рад жавобини берган.

Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга оширишда дарахтлардан холи ҳудудни танлаш ва бу борада лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритишни тавсия қилган.

Шундай бўлса-да, мазкур лойиҳанинг амалга ошиш масаласи айни дамда Ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқиляпти.

“Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ушбу йўналишдаги йўл инфратузилмаси такомиллаштирувга муҳтожлиги қайд этилмоқда. Кучли ёмғир ёғиши ва сел келиши оқибатида йўл ва кўприклар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Автомобиллар сонининг кундан кунга ошиши эса йўлларда тирбандликларни юзага келтирмоқда. Натижада автомобилларнинг ҳаракатланишида қийинчиликлар юзага келиб, автоҳалокат ҳодисалари кўпаймоқда. Жумладан, 2022-2024 йиллар мобайнида бу ерда 54 та автоҳалокат ҳодисаси содир бўлган, бунинг натижасида эса 19 нафар фуқаро вафот этган, 31 нафар фуқаро турли тан жароҳат олган.

Шу боис айни дамда лойиҳа доирасидаги ҳудудда мавжуд дарахтлар ҳолати, сони, тури, ўлчами ва қийматини аниқлаш бўйича Сурхондарё вилоят Экология бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, – дея қўшимча қилди вазирлик.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг июл ойида Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида режаланган йўл қурилиши сабаб иккала ҳудудда жами 70 мингга яқин дарахт ва буталар кесилиши мумкинлиги маълум бўлганди.

Экология вазирлиги бу лойиҳага қарши эканини билдирганди.

Мавзуга оид