Жаҳон | 18:16 / 08.09.2024
6262
2 дақиқада ўқилади

Маск тўрт йилдан кейин одамлар Марсга учишини эълон қилди

SpaceX икки йил ичида Марсга Starship космик кемасини учиришни режалаштирмоқда, сайёрага биринчи одамнинг парвози тўрт йил ичида амалга ошиши мумкин, деди Илон Маск.

Фото: AP

«Бундан кейин (Марсга) парвозлар интенсивлиги экспонент равишда ошади, бизнинг мақсадимиз - тахминан 20 йил ичида Марсда ўзини ўзи таъминлайдиган шаҳар қуриш», деди SpaceX асосчиси.

SpaceX икки йилдан сўнг Марсга Starship космик кемаларини учиришни режалаштирмоқда, тўрт йилдан кейин сайёрага биринчи марта одамлар парвоз қилади, деди SpaceX асосчиси Илон Маск.

Starship парвозлари орқали сайёрага қўниш жараёни машқ қилинади. «Агар қўнишлар муваффақиятли бўлса, 4 йилдан сўнг Марсга одамнинг биринчи парвози амалга оширилади», деб ёзди Маск ва тахминан 20 йил ичида сайёрада ўзини ўзи таъминлайдиган шаҳарни қурмоқчи эканини маълум қилди.

Бунга эришиш учун Марсга фойдали юкни етказиб бериш харажатларини камайтириш керак - ҳозирги бир тонна учун 1 миллиард доллардан 100 минг долларгача, деди Маск.

«Демак, технология 10 минг марта яхшироқ бўлиши керак. Жуда қийин, лекин имконсиз эмас», деди у. Миллиардернинг эслашича, SpaceX биринчи «тўлиқ қайта фойдаланиш мумкин» ракетани ишлаб чиқди ва уни қайта ишлатишни иқтисодий жиҳатдан самарали қилди.

Starship космик кемаси сайёралараро парвозлар учун мўлжалланган. SpaceX веб-сайтида айтилишича, у энг баланд космик кема ва қайта фойдаланиш мумкин бўлганда 150 тоннагача юкни кўтаришга қодир. Кема одамлар ва юкларни Ой ва Марсга етказиш учун яратилган. Бунинг учун 33 та двигателга эга Super Heavy ўта оғир ракета ишлаб чиқилган.

Март ойида SpaceX компанияси Starship кемасининг учинчи синовини ўтказди. Компаниянинг хабар беришича, ракета коинотга учирилди, бироқ Ер атмосферасига қайтгач, Starship сигнални юборишдан тўхтаган, оқибатда ракетанинг биринчи босқичи қўнолмади.

Мавзуга оид