Ўзбекистон | 22:17 / 09.09.2024
7272
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Ўзбекистон ўртасида темирйўл қатнови тўлиқ тиклангани эълон қилинди

Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг бешинчи йиғилишида шундай маълумотлар қайд қилинди.

Россия ва Ўзбекистон темирйўл қатновини тўлиқ тиклади, икки давлат пойтахтлари ўртасида поездлар қатнови тикланмоқда, деб хабар берди Interfax.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг бешинчи йиғилишини очар экан, шундай деди: «Биз ўзаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши – транспорт-транзит ҳамкорлигини, мамлакатларимизга истиқболли маҳсулот бозорларини очиш имконини берадиган янги халқаро транспорт йўлаклари шакллантиришдан манфаатдормиз. Тўғридан-тўғри рейслар сони ҳафтасига деярли 300 тага етди, бизда бошқа мамлакатлар билан бундай кўрсаткич йўқ, уларнинг географияси кенгаймоқда».

Россия бош вазири Михаил Мишустин қўшимча қилди: «Биз минтақалараро алоқалар мустаҳкамланиб, турли йўналишларда – қўшма саноат зоналарида янги оммабоп лойиҳаларни юзага келтиришини кутамиз. Икки давлат ўртасида транспорт алоқаларини кучайтиришга эътибор қаратишни таклиф қиламиз. Юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириш учун ишончли халқаро логистика йўлакларини биргаликда ривожлантирамиз».

Мишустин мамлакатлар ўртасида сайёҳлик алоқалари тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

«Сўнгги пайтларда уларга бўлган талаб сезиларли даражада ошди, бу эса саёҳатлар қулайлиги ва хизматлар сифатини ошириш, маҳсулот турларини кенгайтириш бўйича олиб бораётган ишларимиз билан қўллаб-қувватланди. Туристларнинг ўзаро оқими ўтган йил якунларига кўра икки баробар ошди – 1 миллион икки юз минггача. Жорий йилнинг биринчи ярмида - яна 12 фоизга ўсди», деди Мишустин.

«Россияда Ўзбекистон Туризм йилининг ўтказилиши бу борадаги кўрсаткичларни оширишга ёрдам беради. Бундан ташқари, 24 сентябрдан бошлаб, пандемия сабабли тўхтатилган Москва ва Тошкент йўловчи поездлари ҳаракати тикланади», деди у.

Мавзуга оид