Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Арманистон Европа Иттифоқи билан визасиз режим бўйича музокараларни бошлади
Мамлакат бош вазири Никол Пашиняннинг сўзларига кўра, ҳозирда Арманистонда мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича баҳс-мунозаралар давом этмоқда.
Арманистон ва Европа Иттифоқи виза режимини кўриб чиқиш бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Никол Пашинян Еврокомиссия раҳбари ўринбосари Маргаритис Схинас билан учрашувда маълум қилди.
«Муносабатларимизда сезиларли ўзгаришлар борлигидан хурсандман: виза режимини либераллаштириш бўйича музокаралар бошланмоқда, Арманистон Республикасини Европа тинчлик фонди орқали қўллаб-қувватлаш қарори қабул қилинди, биз буни жуда қадрлаймиз», — дейди Арманистон ҳукумати раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда Арманистонда мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича баҳс-мунозаралар давом этмоқда, шу сабабли Ереван «ЕИдаги шерикларининг кузатувлари ва маслаҳатларига қулоқ тутишни» муҳим деб билади.
Арманистон ва Ғарб ҳамкорлиги Озарбойжон билан рўй берган ҳарбий можародан кейин фаоллашди. Ўшанда Ереван Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) ёрдам сўраб мурожаат қилди, аммо асосий рол Россияга тегишли бўлган ташкилот «хавотир» ва «ҳамдардлик» билдириш билан чекланди холос.
Феврал ойида Арманистон парламенти спикери Ален Симонян мамлакат келажакда ЕИ аъзолигига номзод бўла олиши учун Европа Иттифоқи билан муносабатларини чуқурлаштириш ниятида эканини маълум қилганди. Август охирларида Никол Пашинян Арманистон ҳукумати КХШТнинг барча органларидаги иштирокини бутунлай музлатиб қўйганини эълон қилди.