Ўзбекистон | 19:51 / 12.09.2024
13087
2 дақиқада ўқилади

Мерей Омонбоеванинг иши судга чиқди

Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоева жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбланиб судланяпти. Жиноят иши ЖИБ Навбаҳор туман судида кўриб чиқилмоқда.

2024 йил 6 мартдан Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган Мерей Омонбоевага оид жиноят иши судда кўрилмоқда. Олий суднинг “Адолат” ахборот тизимлари комплексида келтирилган суд мажлислари жадвалига кўра, ушбу ишда навбатдаги суд мажлиси 18 сентябр кунига белгиланган.

Жиноят иши ЖИБ Навбаҳор туман судида судя Алишер Сайдуллаев раислигида кўриляпти.

Мерей Омонбоева Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) содир этганликда гумонланмоқда.

Мерей Омонбоевага 2024 йилнинг апрел ойида жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлган эди. Ўшанда Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uzʼга тергов Навоий вилояти прокуратураси томонидан олиб борилаётганини маълум қилганди.

Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 27 ёшли Мерей Омонбоева 2020 йил Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. У 2024 йил 6 март куни Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Тайинловга қадар Навоий шаҳри “Зарафшон” МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаб келаётган эди.

Мавзуга оид