Жаҳон | 10:20 / 16.09.2024
2841
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг Харкивга зарбаси оқибатида 40 дан ортиқ киши жабрланди

Харкив ОҲМ раҳбарининг сўзларига кўра, кўп қаватли турар жой биноси ҳаво ҳужумига учраган. Жабрланганлар орасида уч нафар бола ҳам бор.

Фото: AP

Харкивнинг ўққа тутилиши натижасида жароҳатланганлар сони 41 кишига етди. Бу ҳақда област ҳарбий маъмурияти (ОҲМ) раҳбари Олег Синегубов 15 сентябр, якшанба куни маълум қилди.

Унга кўра, воқеа жойида тезкор реакция билдириш гуруҳи ва кўнгиллилар ишламоқда. Жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди, сув ва иссиқ овқат берилди.

Камида 14 киши касалхонага ётқизилган, қолганларга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган. Яраланганлар орасида уч нафар бола ҳам бор, улардан бири бир ёшда. Бир аёл ва 12 ёшли боланинг аҳволи оғир.

Синегубовнинг сўзларига кўра, турар жой биноси битта кириш қисми вайрон бўлган, 9-қаватда ёнғин кузатилган. Камида 1500 та ойна ва яқин атрофда турган ўнлаб машиналар шикастланган. Вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин, аҳоли эвакуация қилинган.

Давлат Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари 12-қаватдан бир эркак ва итни қутқариб олди.

Россия Харкивга камида олтита БАБ ташлади

Россия қуролли кучлари Харкивга камида олтита бошқарилувчи авиация бомбасини (БАБ) ташлади, деди Синегубов. Унинг қўшимча қилишича, Харкивнинг Немишлянский районида фуқаролик инфратузилмаси шикастланган.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, 9- ва 12-қаватлар орасида «ёнғин ва вайроналар бор». «Дунё украиналикларнинг ҳаётига зомин бўлаётган ўнлаб бошқариладиган ҳаво бомбаларидан ҳимояланишга ёрдам бериши керак», — деб ёзди Зеленский ва кучли қарорлардан қўрқишни бас қилиш кераклигини қўшимча қилди.

Харков мэри Игор Терехов аниқлик киритишича, зарба бинонинг 10-қаватида содир бўлган, ёнғин тўрт қаватни қамраб олган - 9-қаватдан 12-қаватгача.

Харкивда иситиш мавсумига тайёргарлик кўрилмоқда

Зеленский июл ойининг охирида Харкив областидаги фронтга келган. У ерда хавфсизлик ва энергетика соҳасидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказди.

«Асосий эътибор Харкив ва областни иситиш мавсумига тайёрлашга қаратилмоқда. Оператив вазият, энергетика сектори объектлари ҳимояси, энергия тақчиллигини бартараф этиш ва куз-қиш мавсумида иссиқлик ҳамда электр энергияси билан таъминлаш юзасидан ҳисоботлар тақдим этилди», — дейилади хабарда.

АҚШ президенти Жо Байден 13 сентябр куни Вашингтонда Британия бош вазири Кир Стармер билан учрашди. Икки давлат етакчилари Украинани «қатъий» қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқладилар. Учрашувдан сўнг Киевга Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудидаги нишонларга зарба йўллаш бўйича рухсат берилиши эълон қилинмади.

Мавзуга оид