Жаҳон | 21:39 / 17.09.2024
9652
2 дақиқада ўқилади

Олимлар Антарктида устидаги озон тешигининг қисқарганини эълон қилди

Кейинги 40 йил ичида озон қатлами тўлиқ тикланади, деб ишонишга асос бор.

Фото: EPA

Copernicus атмосфера мониторинги хизмати олимлари Ернинг озон қатлами тикланаётганини қайд қилди. Охирги кузатишлар шуни кўрсатдики, Жанубий қутб устидаги озон тешиги аввалги йилларга қараганда кичикроқ ва кейинроқ шаклланган.

13 сентябр ҳолатига кўра, тешик майдони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,48 миллион км.кв.га кам бўлган. Олимларнинг огоҳлантиришича, бу ўзгариш асосан глобал об-ҳаво шароитларига боғлиқ. Аммо кейинги 40 йил ичида озон қатлами тўлиқ тикланади, деб ишонишга асос бор.

Озон қатлами сайёрадаги ҳаёт учун муҳим аҳамиятга эга, чунки у қуёшдан зарарли ултрабинафша нурланишни ўзлаштиради. 1985 йилда Британия Антарктика тадқиқоти Антарктида ҳудудида улкан тешик очилганини аниқлади. У ҳар йили баҳор яқинлашганда очилади ва УБ нурларининг Ер сиртига етиб боришига имкон беради.

Кузатишлар шуни кўрсатдики, 2024 йилда тешикнинг шаклланиши одатдагидан анча секинроқ бўлган. У фақат сентябрда пайдо бўлган, илгари август ойининг ўрталарида пайдо бўлар эди. Прогнозларга кўра, декабр ойининг бошида тешик бутунлай ёпилади.

Олимларнинг таъкидлашича, озон тешигининг пайдо бўлишига вулқон отилишидан тортиб, иқлим ўзгаришигача кўплаб омиллар таъсир кўрсатади. Бироқ, асосийси, хлорфторкарбонлардан - озонни бузувчи моддалардан фойдаланиш. Йигирманчи асрда улар аэрозол қутилари ва музлаткичлар ишлаб чиқариш учун фаол ишлатилган, бу эса озон қатламининг емирилишига олиб келди. 1987 йилги Монреал протоколи бундай моддалардан фойдаланишни тақиқлаган, аммо уларнинг таъсири оқибатлари узоқ йиллар давомида сезилади.

Мавзуга оид