Технология | 07:51 / 25.09.2025
8951
3 дақиқада ўқилади

Антарктида музлари остида аввал номаълум бўлган 85 та «фаол» кўл топилди

Европанинг CryoSat-2 сунъий йўлдоши томонидан олинган маълумотлардан фойдаланиб, олимлар маълум бўлган музости Антарктика кўллари сонини 766 тага кўпайтирди. Улардан 231 тасида сув сатҳининг циклик ўзгариши кузатилади — бу сув ҳавзалари фаол деб аталади.

Фото: Nature Communications (Nat Commun)

Музлик остида эриган сув икки шаклда ҳосил бўлади. Биринчиси, геотермал манбалар орқали. Иккинчиси ишқаланиш орқали бўлиб, музлик остидаги тош устида ҳаракатланаётганда сезиларли иссиқлик ҳосил қилади.

Бу сув пастроқ жойларда тўпланиб, музости кўлларини ҳосил қилади. Улар музликларнинг ҳаракатига сезиларли таъсир кўрсатиши ва уни тезлаштириши мумкин. Бу сув ҳавзалари музликларнинг эришида ҳам муҳим рол ўйнайди, унинг тезлигини билвосита тартибга солади.

Аммо муҳими шундаки, агар бу кўллардан сув сизиб чиқса, у охир-оқибат океанга етиб боради. У ерда чучук сув оқимларни бузади ва экотизимларда сезиларли ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Бундай ҳодисаларни башорат қилиш ва уларнинг океанларга таъсирини баҳолаш учун олимлар музости кўлларининг қандай ишлашини тушуниши керак. Бироқ, уларни ўрганиш айрим сабабларга кўра қийин.

Музости кўлларни аниқлашнинг усулларидан бири музликнинг денгиз сатҳидан баландлигини ўлчашдир. Иқлим ҳодисалари (ёмғир ёки эриш) туфайли баландликдаги ўзгаришларни олдиндан айтиш мумкин. Бироқ, агар музлик остида кўл бўлса, унинг сув сатҳи ўзгариши музлик баландлигида акс этади. Бу ўзгариш иқлим ўзгариши бошланганидан сўнг дарҳол содир бўлмайди ёки умуман унга боғлиқ бўлмайди.

Янги тадқиқотда Лидс, Эдинбург ва Ливерпул (Буюк Британия) университетлари олимлари ушбу усулдан фойдаланган ҳамда Антарктидадаги 85 та янги фаол музости кўлларини аниқлаган. Улар таҳлил қилиш учун 2010 йилдан 2020 йилгача CryoSat-2 синтезлашган апертурага эга баландликни ўлчаш радио қурилмалари томонидан олинган маълумотлар тўпламидан фойдаланди. Бу ўлчовлар 88 даража жанубий ва ундан юқори кенгликлардаги музликларнинг баландлигини, биринчи навбатда, қитъанинг қирғоқбўйи минтақаларини қамраб олади.

Олимларнинг фикрича, Эмери музлиги юзасидаги чуқур кўлда узоқ вақт давомида тўпланиб қолган эриган сув музларни ёриб, океанга оқиб тушган.

Олимлар томонидан кашф этилган 85 та фаол музости кўлидан 73 таси Шарқий Антарктидада, 12 таси Ғарбий Антарктидада жойлашган. Олтита кўл чегарадан саккиз километр узоқликда жойлашган бўлиб, у ерда музлик қуруқликда қолади ва ундан ташқарида у сувда сузади. Фақатгина бешта «янги» кўллардан бири нисбатан секин ҳаракатланувчи музлик остида жойлашган. Уларнинг аксарияти йилига 50 метрдан ошиқ тезликда ҳаракатланадиган музликлар остида ҳосил бўлган.

Бу усул кўлларнинг аниқ шакли ва ўлчамини аниқлашга имкон бермайди, фақат уларнинг умумий параметрларини акс эттиради. Бироқ, хулоса қилиш мумкинки, бу кўлларнинг деярли барчаси чўзилган ва уларнинг узун ўқи музликларнинг ҳаракат йўналишига тўғри келмаслиги мумкин. Илмий иш муаллифлари буни Антарктиданинг ёриқларга бой музости релефининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид