Жаҳон | 10:20 / 18.09.2024
5066
2 дақиқада ўқилади

«ФСБ» Украина ҳарбий разведкаси агенти ўлдирилгани ҳақида хабар берди

Россия «ФСБ» Украинанинг «ГУР» агенти» ўлдирилганини эълон қилди. Махсус хизмат маълумотларига кўра, у Свердловск областидаги мудофаа корхонаси раҳбарининг машинасини портлатиб юбормоқчи бўлган.

Фото: Global Look Press

Россия «ФСБ» «Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси («ГУР») агенти» ўлдирилгани ҳақида хабар берди, у махсус хизмат маълумотларига кўра, Свердловск областидаги мудофаа корхонаси раҳбарининг машинасини портлатиш учун «қўлбола портловчи қурилмани ясаган». Бу ҳақда 17 сентябр, сешанба куни ТАСС давлат агентлиги «ФСБ» Жамоатчилик билан алоқалар марказига асосланиб ёзди.

Кучишлатар тузилма расмийларига кўра, «агент» шунингдек, «Россияда тақиқланган Украина миллатчи террорчи ташкилоти» аъзоси бўлган. «Яширин жойга қўлбола портловчи мосламани ўрнатаётган пайтда у қуролли қаршилик кўрсатган ва жавоб ўқлари билан зарарсизлантирилган», — дейилади Жамоатчилик билан алоқалар маркази баёнотида. «ФСБ» ҳозирда «террорчига ноқонуний фаолиятни амалга оширишда ёрдам кўрсатган» шахслар аниқланаётганини таъкидлади.

«ФСБ» уруш бошидан бери камида 10 россияликни Украина манфаатини кўзлаб теракт тайёрлаганликда айблаб ўлдирди

«Агентство. Новости» Telegram-канали, ўз навбатида, Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Россия махсус хизматлари Россия Федерациясининг камида 10 фуқаросини ўлдирганлигини, кейинчалик улар Украинанинг кўрсатмаси бўйича терактлар тайёрлашда айбланганини ҳисоблаб чиқди. Бу баҳонада жами 16 киши ўлдирилган - улардан беш нафарининг фуқаролиги кўрсатилмаган, яна бири беларуслик эди.

Кўпинча, Украина агентлари деб аталганлар Запорижжя области эгаллаб олинган қисмида (3 киши) ўлдирилган. Яна бир қотиллик босиб олинган «ЛХР» ҳудудида содир бўлди. «ФСБ» маълумотларига кўра, барча «агентлар» қуролли қаршилик пайтида ўлдирилган.

Мавзуга оид