Иш кўп, маош кам: Европа шифохоналарида “кадрлар инқирози” юз бермоқда
Европа соғлиқни сақлаш тизимидаги инқирозни бошдан кечирмоқда: доимий ходим етишмаслиги, кам маош ва ортиқча иш соатлари Германия, Словения ва Швецияда иш ташлашларга сабаб бўлди. Бундан ташқари, Франциядаги баҳсли ислоҳотлар тиббиёт талабалари ва шифокорлар орасида норозилик уйғотмоқда.

Фото: Gero Breloer/AP
Бутун Европада шифохоналар гўёки яшаб қолиш режимида ишлаётганга ўхшайди.
Хоҳ Францияда бўлсин, хоҳ Словения ёки Швецияда, барча шифохоналар ходим етишмаслиги, кам маош ва белгиланган вақтдан ташқари ишлашга қарши курашмоқда. Бу ҳолат бутун соғлиқни сақлаш тизимида иш ташлашларга сабаб бўлиб, натижада беморларни парваришлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бу йил Швецияда тиббиёт ходимлари 16 йил ичида илк бор иш ташлаш ўтказди. Бунга 78 кун кетма-кет ишлаш ва кам маошга қарши норозилик сабаб бўлди.
Скандинавия мамлакатларида иш ташлашлар Европанинг бошқа ҳудудларига нисбатан камроқ учрайди. Бироқ жамоавий шартнома тузиш бўйича тўрт ойлик музокаралардан сўнг Швеция тиббиёт ходимлари уюшмаси бунга мажбур бўлди — улар 11 апрелдан 28 июнгача иш ташлади.
“Музокаралар жараёнида боши берк кўчага кириб қолдик. Иш ташлаш эълон қилишга мажбур бўлдик. Низога боришимиз муқаррар эди”, — деди Синева Риберо Швеция соғлиқни сақлаш ходимлари уюшмаси президенти. 114 000 аъзога эга уюшма ҳамширалар, акушерлар, биотиббиёт олимлари ва рентгенологларнинг манфаатини ҳимоя қилади. Касаба уюшмаси иш вақтидан ташқари ишлашни ҳам тақиқлади.
“2023 йилда улар (уюшма аъзолари) уч миллион соат ортиқча ишлаган. Ҳамширалар, акушерлар, рентгенологлар ва рентген ҳамширалари етишмаслигини билардик”, — деди Риберо.
Натижада, Швеция тиббиёт ходимлари уюшмаси ўз аъзоларининг 10 фоизи — тунги сменада ишловчилар учун иш вақтини қисқартиришга, иш ҳақини 3,05 фоизга оширишга ҳамда иш берувчилар ҳамшираларнинг малака оширишини молиялаштиришига доир келишувга эришишга муваффақ бўлди.
Бошқа томондан, улар тиббиёт ходимларининг иш ҳафтасини 40 соатдан 37 соатгача қисқартириш тўғрисидаги талаблардан воз кечишга розилик билдирди.
Умуман олганда, меҳнат шароитларининг ёмонлашуви тиббиёт ходимларини Швециядан қўшни мамлакатларга кўчиб кетишга мажбур қилувчи асосий сабаблардан бири ҳисобланади.
“20 мингга яқин ҳамшира Норвегияда ишлайди, чунки у ерда ҳафтасига камроқ соат ишлаб, кўпроқ маош олишади”, — дейди Риберо.
Бундан ташқари, Швеция соғлиқни сақлаш соҳасидаги компетенциялар бўйича миллий кенгашининг июн ойида эълон қилинган ҳисоботида таъкидланишича, 13 000 нафар малакали ҳамшира касбини тарк этган, натижада солиқ тўловчилар ҳисобидан 60 миллион евродан ортиқ маблағ сарфланиб, соҳада “қора туйнук” пайдо бўлган.
“Балки Швецияда вазият Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига қараганда яхшироқдир”, — дейди Риберо. “Аммо бизда аҳоли саломатлиги ҳақида қайғурадиган ҳамширалар етишмайди. Кейинги пандемия қачон келишини билмаймиз”.
Портлаши муқаррар бўлган бомба
Аслида бундай муаммо бутун Европа Иттифоқи бўйлаб мавжуд. Ҳамжамият мамлакатларидаги давлат шифохоналари бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Булар қаторига аҳолининг қариши натижасида кўпроқ тиббий хизматга эҳтиёж сезилиши, шунингдек, нафақага чиқаётган тиббиёт ходимларини алмаштириш қийинчиликлари киради. Чунки бу касб илгаригидек ёшларни ўзига тортмаяпти.
“Талабнинг ўсиши асосан тўртта асосий омилга боғлиқ: аҳолининг қариши, хилма-хил ва сурункали касалликларнинг кўпайиши, COVID-19 пандемияси даврида тўпланган кечикишлар, шунингдек беморлар кўп кутиб қолаётгани”, — деб тушунтирди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Европадаги соғлиқни сақлаш кадрлари ва хизмат кўрсатиш бўйича минтақавий маслаҳатчиси Томас Сапата.
Euronews билан суҳбатда у Европа мамлакатларининг соғлиқни сақлаш тизими “кадрлар инқирози”га дуч келаётганини таъкидлади. Бунинг исботи сифатида турли тоифадаги тиббиёт ходимларининг иш ташлашини келтирди.
“Бизда ҳар қачонгидан кўпроқ шифокор ва ҳамширалар бор. Хусусан, сўнгги 10 йил ичида бутун минтақада шифокорлар сони 20 фоизга, ҳамширалар сони эса 10 фоизга ошди. Бироқ тиббий хизматларга бўлган талаб ундан тезроқ суръатларда ўсиб бормоқда. Бу эса тиббиёт ходимлари сони ва уларга бўлган эҳтиёж ўртасида тафовут юзага келаётганини, яъни тиббиёт ходимлари етишмаётганини англатади”, — деди у.
ЖССТ Европа минтақавий бўлимининг 2022 йил сентябрда чоп этилган ҳисоботида Европа ва Марказий Осиёдаги соғлиқни сақлаш тизимларига таҳдид солаётган “вақти келганда портлаши муқаррар бўлган бомба” ҳақида сўз юритилган.
Унда соғлиқни сақлаш ва парваришлаш соҳасидаги кадрларнинг қариши асосий муаммолардан бири экани таъкидланади. Ҳисоботда кўриб чиқилган 44 мамлакатнинг 13 тасида шифокорларнинг 40 фоизи аллақачон 55 ёш ва ундан катта экани қайд этилган.
Маърузада, шунингдек, тиббиёт соҳаси вакиллари орасида руҳий саломатликнинг ёмонлашуви ҳақида ҳам сўз юритилади. Бунга узоқ иш кунлари, етарли касбий қўллаб-қувватлашнинг йўқлиги ва ходимларнинг жиддий танқислиги сабаб бўлмоқда.
Баъзи мамлакатларда ҳамшираларнинг 80 фоиздан ортиғи COVID-19 пандемияси сабабли юзага келган психологик зўриқишнинг у ёки бу кўриниши ҳақида маълум қилишган. Ҳисоботга кўра, ҳар ўнта ҳамширадан тўққизтаси ишдан кетишни ўйлайди.
Европа бўйлаб бу муаммоларнинг барчаси шифокорлар ва бошқа соғлиқни сақлаш ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш учун иш ташлашга мажбур қилмоқда.

Германия “юқори сифатли” хизмат кўрсатишни талаб қилмоқда
Январ ойида Германия давлат университетлари касалхоналарида ишлаётган минглаб шифокорлар касалхона маъмурияти билан олиб борилган жамоавий музокаралар натижасиз якунлангандан сўнг иш ташлашди.
Шимолий Ҳанновердаги Marburger Bund касаба уюшмаси томонидан уюштирилган “огоҳлантирувчи иш ташлаш”га қарийб 5000 нафар шифокор қўшилгани маълум қилинди.
Касаба уюшмаси университет шифохоналарида ишлайдиган 20 000 нафар шифокор учун иш ҳақини 12,5 фоизга кўтариш ҳамда тунда, дам олиш ва байрам кунлари ишлаш учун бериладиган мукофотларни оширишни талаб қилди.
Март ойида давлат шифохоналари назорати остида бўлган 16 та федерал штат билан олиб борилган музокараларнинг тўртинчи даври муваффақиятсизликка учраганидан сўнг улар яна кўчаларга чиқишди. Marburger Bund ташкилотининг маълумотларига кўра, бу сафар Германия бўйлаб 23 та муассасадан тахминан 7000 нафар шифокор турли намойишларда иштирок этди.
“Университет тиббиётида шифокорларнинг иш ҳақи масаласи эътиборсиз қолдирилишига тоқат қила олмаймиз”, — дея таъкидлади Marburger Bund ташкилотининг иккинчи раиси Андреас Ботслар.
“Музокараларнинг сўнгги босқичи бизда шундай таассурот қолдирдики, штатлар ҳалигача масаланинг моҳиятини тушунмаяпти: биз юқори даражадаги тиббиёт учун адолатли шароитларни талаб қиляпмиз. Кўп эмас, аммо кам ҳам эмас”.
Словенияда шифокорлар тарихидаги энг узоқ давом этган иш ташлаш бўлиб ўтмоқда
Январ ойида Словения давлат соғлиқни сақлаш хизматида ишлайдиган шифокорлар ва стоматологлар мамлакат тарихидаги энг узоқ давом этган иш ташлаш эълон қилди.
Улар ҳукуматни олдин таклиф этилган соғлиқни сақлаш ислоҳотларини амалга ошириши ва музокаралар столига қайтишга мажбурлаш учун ортиқча ишлашга берган розилигини қайтариб олишди.
2023 йилда шифокорлар ва тиш шифокорлари касаба уюшмаси Фидес ҳукумат билан соғлиқни сақлаш ходимлари учун давлат секторидаги иш ҳақи шкаласида алоҳида босқич яратиш тўғрисида келишув имзолаганди, бироқ бу келишув амалда жорий этилмаган.
“Ходимлар давлат муассасаларини тарк этмоқда, яхши педиатрлар эса давлат секторига ёрдам беришга тайёрлиги учун жазоланмоқда”, — дея таъкидланди Фидес раҳбари Дамян Полх баёнотида. “Ислоҳотлар ҳақидаги ваъдалар бажарилмаяпти, соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунларни бу соҳадан мутлақо бехабар бўлган кишилар ёзмоқда”.
Ҳукумат соғлиқни сақлаш тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш таклифини маъқуллади. Ушбу ўзгартиришларга кўра, иш ташлаш пайтида ҳам минимал иш вақти белгиланади.
Фидес бундай чоранинг қонунийлигини шубҳа остига қўйиш мақсадида Словения Конституциявий судига мурожаат этди. Касаба уюшмасининг таъкидлашича, бу чора “шифокорларнинг иш ташлаш ҳуқуқини янада чеклаб қўяди”.
Август ойида Фидес шифокорлар ҳимояси учун иш ташлашга қўйиладиган қўшимча талаблар ҳақида Словения ҳукуматини хабардор қилди.

Франциядаги баҳсли ислоҳот
Францияда бошқа бир тадбир тиббиёт талабалари орасида норозилик уйғотди: бу йил кузда ёш шифокорлар учун 1510 та иш ўрни қисқартирилади.
Июл ойида эълон қилинган расмий ҳукумат маълумотларига кўра, бу йил атиги 7 974 та бўш иш ўрни очилиши кутилмоқда, ҳолбуки 2023 йилда бу кўрсаткич 9 484 тани ташкил этганди.
Францияда ёш шифокорлар ёки “тиббиёт интернлари” — 12 йиллик тиббиёт таълимининг олтинчи йилини тугатган талабалардир. Улар катта шифокор раҳбарлигида шифохона ёки бошқа тиббиёт муассасасида тўлиқ иш кунида фаолият юритиб, бир вақтнинг ўзида ўқишни давом эттиради.
“Ҳаммамиз жуда қўрқяпмиз. Шифохоналарда ишлаш ниҳоятда мураккаб, ёш шифокорлардан катта ақлий ва жисмоний куч талаб этилади”, — дейди тиббиёт институтининг олтинчи курсини тугатаётган Мари. “Энди кузда бизнинг сонимиз камаяди, лекин иш ҳажми ўзгармайди”.
Ҳукумат таъкидлашича, бўш иш ўринлари сони қисқарган, чунки жой учун танлов имтиҳонларида қатнашган номзодлар сони ҳам камайган.
Аммо бу рақамлар касаба уюшмаларини ҳайратга солди.
“Ҳар йили ёш шифокорлар сонига қараб бўш иш ўринлари мослаштирилади”, — дейди SAMU Urgences de France касаба уюшмаси вакили доктор Анес Рикар Хибон. “Лекин бу сафар бир йил ичида одатдагидан анча кўпроқ одам ишлаган”.
Тиббий мутахассисликлар турли даражада зарар кўрди: умумий тиббиёт ва офтальмологиядаги лавозимлар 18 фоизга қисқаради, шошилинч тиббий ёрдамдаги бўш иш ўринлари эса 15 фоизга камаяди.
“Пластик жарроҳлик сингари баъзи соҳалар кўпроқ зарар кўради. Бошқалари, масалан, педиатрия ёки болалар жарроҳлиги, уларга бўлган катта эҳтиёж туфайли сақланиб қолган”, — дея таъкидлайди Хибон.
Талабалар интернетда ёш шифокорлар фаолиятини қайта тиклашни талаб қилувчи петиция эълон қилишди, сентябр ойига келиб у 57 000 дан ортиқ имзо тўплади.
2022 йилда Европа мамлакатларида ҳар 100 000 аҳолига тўғри келадиган шифокорлар тайёрлаш кўрсаткичи.
Умуман олганда, мунозара Франциянинг бутун тиббиёт соҳаси чарчаш, ортиқча иш вақти, назорат йўқлиги, рақобат, муҳим мажбуриятлар ва кам маош каби муаммолардан азият чекаётган бир пайтда кечмоқда. Бу муаммолар COVID-19 пандемияси туфайли янада кучайган.
Ушбу муаммолар кўп йиллардан бери Европани ташвишга солиб келади, бироқ 2023 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европадаги вакиллари томонидан қабул қилинган Соғлиқни сақлаш ва парвариш ходимлари тўғрисидаги Бухарест декларацияси туфайли қитъа касалхоналарида умид пайдо бўлди.
Декларация соғлиқни сақлаш ва парвариш ходимларини ишга қабул қилиш ҳамда уларни яхши шароитда ушлаб туриш, соғлиқни сақлаш тизимини кадрлар билан таъминлаш механизмларини такомиллаштириш, кадрлар фаолиятини оптималлаштириш ва кадрлар тайёрлашга давлат сармояларини кўпайтириш бўйича сиёсий чора-тадбирларга даъват этади.
Бироқ мамлакатлар декларацияни амалда қандай жорий этиши ҳали номаълум. Меҳнат шароитлари ёмонлашувига қарши курашаётган шифокор эса тиббий ёрдам сифатига салбий таъсир кўрсатади.
“Тиббиёт ходимига ёмон муносабатда бўлиш, кейинчалик ўнта беморга ҳам ёмон муносабатда бўлиш дегани”, — дейди Мари.
Тавсия этамиз
Швейцариядаги қишлоққа кўчиб келган сайёҳларга 24 минг доллардан пул тўланади
Жаҳон | 01:36 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида
Спорт | 15:27 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ислом Тўхтахўжаев ўзига берилган BYDʼни жамоадоши Бобур Абдухолиқовга совға қилди
Спорт | 23:49
-
300 минг доллар васвасаси ёхуд қотиллик билан тугаган шериклик - суддан репортаж
Жамият | 23:40
-
10 июн янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистон | 23:33
-
Ўзбекистон элчихонаси Москвадаги ҳолат юзасидан Россияга ТИВга нота юборди
Ўзбекистон | 23:19
Мавзуга оид

09:36 / 27.05.2025
Шимолий Европа давлатлари Россия томонидан хавфни кўрмоқда

12:24 / 22.05.2025
Лавров Европани АҚШга санкцияларни кучайтириш учун босим ўтказишда айблади

14:23 / 17.05.2025
АҚШ Европадаги қўшинлари сонини камайтиришни кўриб чиқмоқчи

23:08 / 06.05.2025