Ўзбекистон | 10:10 / 20.09.2024
5351
2 дақиқада ўқилади

Корея Ўзбекистон ҳудудларида пеллет кластери ташкил этади

Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов Корея иқлим ўзгариши институти (KICC) раҳбари Шин Ёнг Вон билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот чоғида KICC иштирокида Жанубий Корея ҳукуматининг грант маблағлари эвазига Ўзбекистонда амалга оширилаётган энергия самарадорликка қаратилган лойиҳалар ва иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришни таъминлаш бўйича истиқболли лойиҳалар юзасидан маълумот алмашилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида қизилмия маҳсулотидан пеллет ишлаб чиқариш ва унда ишловчи ко-генерация қурилмаларини ўрнатиш лойиҳаси ишга туширилган бўлиб, мазкур ёқилғи маҳсулоти табиий газ, кўмир каби иссиқлик манбалари ўрнини босишга қаратилган. Ушбу ко-генерация қурилмаларининг қувватларини икки карра ошириш кўзда тутилган.

Фарғона вилоятида ҳам қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан (пахта пояси) пеллет ишлаб чиқариш ҳамда пеллетда ишловчи электр ва иссиқлик энергияси ҳамда буғ ишлаб чиқарувчи ко-генерация қурилмаларини барпо этиш лойиҳасининг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилиши якунланмоқда.

Жорий йилнинг июл ойида Фурқат тумани ҳокимлиги ҳамда Жанубий Корея томони билан меморандум имзоланган бўлиб, лойиҳа натижалари асосида Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам пеллет кластери жорий этилиши белгиланган.

Мулоқот чоғида томонлар ўртасида мазкур соҳада Корея Республикасининг замонавий технологияларини ва тажрибаларини Ўзбекистонда кенг жорий этиш иккала давлат манфаатларига мос келган ҳолда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид