Жаҳон | 00:53 / 22.09.2024
8318
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» Қозонда ўтказиладиган БРИКС саммитида иштирок этиш учун ариза берди

Саммитда иштирок этиш аризаси Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков номига Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий томонидан йўлланган.

Фото: Россия ТИВ матбуот хизмати

«Толибон» октябр ойида Қозонда ўтказиладиган БРИКС саммитида иштирок этиш учун Москвага ариза юборди.

Ариза Россия президентининг  ёрдамчиси Юрий Ушаков номига Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий томонидан йўлланган бўлиб, унда афғон ҳукуматининг саммитда иштирок этиши муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.

«Биз саммитда юқори даражадаги делегация, жумладан, Афғонистон бош вазири ўринбосари Абдул Ғани Биродар, мен ҳамда бошқа қатнашчилар қатори иштирок этишдан манфаатдормиз», — дейилади хатда.

2021 йил август ойи бошида «Толибон» афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумни кучайтирган, 15 август куни Кобулга кириб келган эди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида Америка ҳарбийлари ҳимоясида бўлган Кобул аэропортидан Ғарб давлатлари фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилаётган афғонларни оммавий эвакуация қилиш амалга оширилган.

БРИКС — иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти. 2001 йилда британиялик иқтисодчи Жим Онил жаҳон иқтисодини ўрганиш жараёнида бир гуруҳ катта давлатларда иқтисодий тизимли ўсишга эътибор бериб, шартли равишда БРИК деб атайди (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой). 2010 йилда бунга ЖАР қўшилди, бугун ташкилотда тўққизта давлат бор.

Аввалроқ Мянма Қозонда ўтказиладиган БРИКС саммитида иштирок этишга қизиқиш билдиргани, аммо ҳозирча расмий таклиф олмагани тўғрисида хабар берилганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид