Жаҳон | 11:50 / 23.09.2024
2618
2 дақиқада ўқилади

Шри-Ланкада сўл кучлар вакили президент этиб сайланди

Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, «Миллий халқ ҳокимияти» алянси етакчиси Диссанаяке яна бир мухолифат етакчиси Премадаса устидан ғалаба қозониб, 42 фоиз овоз олган. Орол давлатнинг амалдаги президенти фақат учинчи ўринни эгаллади.

Фото: Instagram / anurakumaraofficial

Шри-Ланкадаги президентлик сайловларида 55 ёшли марксист Анура Кумара Диссанаяке ғалаба қозонди. Жанубий Осиёдаги орол давлат сайлов комиссиясига кўра, мухолифатдаги «Миллий халқ кучлари» алянси етакчиси сайловчиларнинг қарийб 42 фоиз овозини қўлга киритиб, бошқа мухолифатчи Сажит Премадаса ва сўнгги икки йил давомида ҳокимият тепасида бўлган амалдаги президент Ранил Викрамасингхени ортда қолдирди. 

«Умид билан тўлган миллионлаб кўзлар бизни олдинга ундайди ва биз биргаликда Шри-Ланка тарихини қайта ёзишга тайёрмиз», деб ёзди Диссанаяке ғолиб деб эълон қилинганидан сўнг дарҳол Х ижтимоий тармоғида. У «бу орзу»ни оролда яшовчи барча миллатларнинг бирдамлиги билан амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади.

Сайловчиларнинг давомати 76 фоизни ташкил қилди, бу 13,6 миллиондан ортиқ сайлов бюллетенига тўғри келади. Комиссия «Шри-Ланка тарихидаги энг тинч сайловлар» ҳақида маълум қилди. Бироқ, сайлов участкалари ёпилганидан бир неча соат ўтгач, ҳокимият «жамоат хавфсизлигини» таъминлаш учун мамлакат бўйлаб вақтинчалик комендантлик соати жорий этди.

Шри-Ланка 2022 йилда дефолтга учради

Миллий банкротликдан икки йил ўтиб, Жанубий Осиёдаги орол давлат аҳолиси сайловларни ҳукуматнинг ислоҳотлар дастурига умид билан боғламоқда. Бир неча бор бош вазир бўлиб ишлаган Викрамасингхе икки йил аввал ўзидан олдинги президент Готабая Ражапакса қочиб кетганидан сўнг вақтинчалик Шри-Ланка президенти лавозимини эгаллади.

Иқтисодий инқироз Шри-Ланкада кенг кўламли норозиликларга сабаб бўлди. 2022 йилдан кейин турли пайтларда мамлакатда инфляция даражаси 60 фоиздан ошди. Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, секин тикланиш белгиларига қарамай, мамлакат инқироз оқибатлари ва давлат банкротлиги билан курашмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид