Ўзбекистон | 12:30 / 23.09.2024
1534
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда биринчи Ўзбекистон-Италия таълим форуми ўтказилади

Жорий йилнинг 23-27 сентябр кунлари университетлар ва тадқиқотлар вазири Анна Мария Бернини бошчилигидаги Италия олий таълим муассасалари ректорлари делегацияси амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

Ўзбекистоннинг Рим шаҳридаги элчихонаси маълумотига кўра, ташриф давомида Тошкент шаҳрида 24 сентябр куни биринчи Ўзбекистон-Италия таълим форуми ўтказилади.

Тадбирда Италиянинг Турин политехника, Венециянинг Ка-Фоскари, Болоня, Пиза, Бикокка Милан, Рома Тре, Тушша ва Сиена университетлари каби 20 дан ортиқ етакчи олий ўқув юртлари, Ўзбекистон томонидан эса 46 та етакчи олий таълим муассасалари ректор ва проректорлари иштирок этади.

Форум доирасида икки давлат университетлари ўртасида бир қатор қўшма таълим дастурларини амалга оширишга оид ҳамкорлик шартномалари имзоланиши режалаштирилган.

Ўзбекистон-Италия таълим форуми кун тартибидан талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, педагоглар малакасини ошириш, университетлараро ҳамкорлик, илмий тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва соҳанинг бошқа муҳим масалалари муҳокамаси ўрин олган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид