Жаҳон | 20:21 / 23.09.2024
2761
2 дақиқада ўқилади

Трамп сайловда ютқазса, яна президентликка номзодини қўймаслигини айтди

«Менимча, шу билан ҳаммаси тамом бўлади», деди 78 ёшли Трамп.

Фото: Getty Images

АҚШ собиқ президенти ва президентликка номзод Доналд Трамп ноябр ойидаги сайловда мағлуб бўлса, яна президентликка номзодини қўймаслигини айтди.

«Full Measure» кўрсатуви бошловчиси ундан интервю олиб, ноябр ойида Камала Ҳаррисга ютқазиб қўйса, 2028 йилда президентлик учун яна бир бор номзодини қўйиши ҳақида сўради.

«Йўқ. Менимча, шу билан ҳаммаси тамом бўлади. Мен ўзимни яна бир марта номзод сифатида кўрмаяпман», деди 78 ёшли Трамп ва сайловда ютиб чиқишига умид қилди.

АҚШ қонунларига кўра, бир киши икки муддатдан ортиқ президент бўлиши мумкин эмас, шунинг учун у ғалаба қозонса, 2028 йилда яна ўз номзодини қўя олмайди.

Илгари Трамп сайловларда мағлуб бўлиш эҳтимоли ҳақида камдан-кам гапирар эди – у деярли ҳар доим ўз тарафдорлари олдидаги чиқишларида ва ижтимоий тармоқлардаги постларида яқинлашиб келаётган ғалабасини ишонч билан эълон қилган. Аммо сўнгги тўрт кун ичида у икки марта мағлуб бўлиш эҳтимолини тан олди.

Биринчи марта 19 сентябр куни Исроил-Америка кенгашининг тадбирида бўлди. Трамп, агар ютқазса, америкалик яҳудийлар қисман айбдор бўлишини айтди. Бу баёнот Камала Ҳарриснинг сайловолди штаб-квартираси ва партиясиз ташкилотлар: Америка яҳудий қўмитаси ва Туҳматга қарши лига томонидан қораланди.

АҚШ президенти сайлови 5 ноябр куни ўтказилади.

Мавзуга оид