Жаҳон | 10:50 / 25.09.2024
5356
2 дақиқада ўқилади

«Ҳизбуллоҳ» ракетаси биринчи марта Тел-Авив ҳудудига етиб келди

Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг баллистик ракетасини тутиб олди ва Ливанга ҳужумларини кучайтириб, жангчилар разведкаси манзилларини нишонга олди. Вазият БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида муҳокама қилинади.

Фото: Baz Ratner/AP/picture alliance

Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи Тел-Авивга баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берди. Бу ҳаракатлар Ғазо секторидаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, «Ливан ва унинг халқини ҳимоя қилиш учун» амалга оширилган, деди жангчилар 25 сентябр, чоршанба куни.

Бу 2023 йил 7 сентябрда Ҳамас гуруҳининг Исроилга кенг кўламли ҳужумидан сўнг Яқин Шарқда можаро авж олгандан бери биринчи марта содир бўлди. Исроил Ливандан ракетани уриб туширгани, қурбонлар ва жароҳатлар бўлмаганини билдирган. Шу билан бирга, «Ҳизбуллоҳ» ракетаси биринчи марта Тел-Авив ҳудудига етиб келди, деди Исроил армияси вакили AFP'га.

Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг разведка инфратузилмасига ҳужум қилди

Шундан сўнг Исроил Ливандаги жангчилар нишонларига ҳаво ҳужумларини кучайтирди. The Jerusalem Post қайд этганидек, 25 сентябр куни Исроил мудофаа кучлари «Ҳизбуллоҳ» разведка бошқармасига алоқадор 60 та нишонга ҳужум қилди. Гап разведка маълумотларини йиғиш воситалари, қўмондонлик марказлари ва «Ҳизбуллоҳ» томонидан разведка фаолияти учун фойдаланиладиган бошқа инфратузилмалар ҳақида бормоқда, дея таъкидланади маълумотда.

ЦАҲАЛ Шимолий қўмондонлиги «Ҳизбуллоҳ»га қарши операция янги босқичга ўтганини маълум қилди. Ушбу гуруҳ қўмондони Ори Гординнинг таъкидлашича, ҳарбийлар «янги маневрлар ва ҳаракатларга тўлиқ тайёр бўлиши керак».

Мавзуга оид