Жаҳон | 12:20 / 27.09.2024
2763
3 дақиқада ўқилади

ЕИ ва 30 дан ортиқ давлат Украинани қайта тиклашга келишиб олди

2024 йил охиригача Киев реконструкция ва ҳарбий эҳтиёжлар учун Россия активларидан тахминан 50 миллиард доллар олади.

Фото: president.gov.ua

Ню-Йоркда бўлиб ўтган «G7+Украина» йиғилишида Европа Иттифоқи ва 30 дан ортиқ давлат Россия босқинидан жабр кўрган мамлакатни қайта тиклаш бўйича қўшма декларация қабул қилди. Пайшанбага ўтар кечаси Украина президенти девонининг расмий сайтида эълон қилинган учрашув якунлари бўйича пресс-релизда қайд этилганидек, ҳужжатда Ғарбда музлатиб қўйилган Россия активларидан Киев учун фойдаланиш масаласи мавжуд.

Декларация бандлари орасида «Украинанинг ЕИга аъзо бўлиш йўлида тикланишига тўлиқ ёрдам», 2023 йилда ишга туширилган Украина донорлар платформасини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Киевга йил охиригача тахминан 50 миллиард доллар миқдорида қўшимча молиявий ёрдам кўрсатиш киради. Бунинг учун Ғарб мамлакатларида музлатилган Россия активларидан тушадиган даромад ишлатилади ва пулнинг бир қисми Украинанинг «мудофаа эҳтиёжлари»га йўналтирилади, дейилади хабарда.

Декларацияни имзолашда АҚШда бўлиб турган Украина президенти Володимир Зеленский, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Британия бош вазири Кир Стармер, Италия ва Канада ҳукумат раҳбарлари Жоржа Мелони ва Жастин Трюдо, шунингдек, АҚШ президенти Жо Байден ва 20 дан ортиқ бошқа мамлакатлар вакиллари иштирок этди.

Байден Украинани «қўллаб-қувватлаш тезлашишини» эълон қилди

Украина президенти девони иқтибос келтирган Байденнинг сўзларига кўра, декларация «Украинани ҳозир ва келажакда қўллаб-қувватлашни яна бир бор тасдиқлаш учун» кейинроқ эълон қилинади.

Бундан ташқари, Америка раҳбари Киевни ҳарбий қўллаб-қувватлашнинг янги чоралари ҳақида гапиришини айтди: «Украина ғалаба қозониши учун зарур бўлган нарсага эга бўлишини ва унинг омон қолиши учун курашини тезлаштириш учун бир қатор ҳаракатларни эълон қиламан».

26 сентябр куни Байден ва АҚШ вице-президенти Камала Ҳарриснинг Зеленский билан алоҳида учрашуви бўлиб ўтди. Украина президенти мамлакатнинг унга қарши очилган урушдаги «ғалаба режаси»ни тақдим этди.

Байденнинг Зеленский билан музокаралари олдидан АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага 375 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Мамлакатлар етакчиларининг учрашуви чоғида Қўшма Штатлар Киевга 8 миллиард доллар миқдорида қўшимча ҳарбий ёрдам бериши ҳам эълон қилинди.

Мавзуга оид