Жаҳон | 20:45 / 30.09.2024
2761
2 дақиқада ўқилади

Францияда Марин Ле Пен устидан суд бошланди

Агар Марин Ле Пеннинг айби исботланса, у 2027 йилда ўтказиладиган президентлик сайловларига ўз номзодини илгари сура олмайди.

Фото: Getty Images

Париж жиноий судида 30 сентябр куни Марин Ле Пен бошчилигидаги Франция «Миллий бирдамлик» партияси етакчилари устидан суд жараёни бошланди.

Сиёсатчилар Европа Иттифоқи маблағларини талон-торож қилиш ва Европарламент депутатлари ассистентларини фиктив ёллаш орқали партияни яширин молиялаштиришда айбланмоқда. Мазкур айблов бўйича максимал жазо — 10 йил муддатда озодликдан маҳрум этиш. Умумий ҳисобда қарийб 7 миллион евро зарар етказилган. Маълум қилинишича, Марин Ле Пен ушбу маблағларнинг 330 минг евросини Европарламентга қайтариб бўлган.

Агар Марин Ле Пеннинг айби исботланса, у 2027 йилда ўтказиладиган президентлик сайловларига ўз номзодини илгари сура олмайди.

Айбловга кўра, «Миллий бирдамлик»дан Европарламент депутатлари ёрдамчилиги лавозимларига жойлаштирилган шахслар аслида ЕИдаги ўз вакилларига эмас, балки Ле Пеннинг шахсан ўзи ёки унинг партиясига ишлаган. «Ёрдамчилар»дан бири Терри Легле қарийб 20 йил давомида партия асосчиси Жан-Мари Ле Пеннинг тансоқчиси бўлган, кейинроқ эса Марин Ле Пенни қўриқлашга ўтган. Шунингдек, у ўз фаолияти тўғрисида китоб чоп этган бўлиб, унда Европарламентдаги лавозими ҳақида ҳеч қанақа сўз бормайди.

Европарламент маблағлари талон-торожига боғлиқ иш

2015 йилда Париж прокуратураси «Миллий бирдамлик»нинг Европарламентдаги вакиллари ноқонуний равишда 20 га яқин ходимни ёллагани бўйича иш қўзғатган. Прокуратура ушбу одамлар Европарламентда маош олиб келгани тўғрисидаги маълумотларни текширган. 2018 йилда Европа Иттифоқи суди Жан-Мари Ле Пен ва унинг шериги Брюно Голниш бўйича шу каби ишни кўриб чиққанди. Ўшанда суд сиёсатчилар Европарламентга юз минглаб еврони қайтариши кераклиги бўйича қарор чиқарган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид