Жаҳон | 21:04 / 02.10.2024
14618
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда ўқитувчилар «мактаб фаровонлиги» учун ўқувчини қурбон қилишди

Полиция мактаб эгаси ва директори билан бирга яна уч киши, жумладан икки ўқитувчини қотилликда айблаб, ҳибсга олди.

Фото: ANI News

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида содир бўлган даҳшатли воқеада мактаб директори томонидан «фаровонлик» мақсадида уюштирилган «қурбонлик маросимида» иккинчи синф ўқувчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда штат полицияси вакиллари маълум қилди, деб ёзди Times of India.

Ҳодиса 27 сентябр куни DL Public School мактабида содир бўлган. Унинг эгаси Жасодхан Сингх ўз ўғли ва мактаб директори Динеш Багҳелдан таълим муассасаси ва оиласи фаровонлигини яхшилаш учун болани қурбонлик қилишини сўраган. Қайд этилишича, мактабнинг молиявий аҳволи яхши бўлмаган.

Полициянинг билдиришича, мактаб эгаси ва директори билан бирга яна уч киши, жумладан икки ўқитувчи ҳибсга олинган. Уларнинг барчаси қотилликда айбланмоқда.

Хабар қилинишича, ўқитувчилар 2-синф ўқувчисини мактаб ётоқхонасидан ўғирлаб кетиб, ҳиндуизм динидаги тантрика маросимига биноан қурбонлик қилиш учун овлоқ жойга олиб боришган ва бўғиб ўлдиришган. Сўнгра боланинг отасига қўнғироқ қилиб, уни шифохонада вафот этганини айтишган.

Фожиадан сўнг таълим муассасаси ёпилди ва расмийлар мактаб фаолияти бўйича текширув бошлади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари мактаб ҳудудидан диний маросим буюмлари, жумладан, сеҳрда ишлатиладиган буюмларни топган.

Мавзуга оид