Жаҳон | 00:24 / 02.10.2024
3621
2 дақиқада ўқилади

Клаудия Шейнбаум Мексика президенти лавозимига киришди

Янги президентнинг тантанали инаугурация маросими республика Конгрессининг йиғилишлари ўтказиладиган Мехикодаги Сан-Ласаро саройида бўлиб ўтмоқда.

Фото: Reuters

Клаудия Шейнбаум расман Мексика президенти лавозимига киришди. Тантанали инаугурация маросими республика Конгрессининг йиғилишлари ўтказиладиган Мехикодаги Сан-Ласаро саройида бўлиб ўтмоқда.

Таъкидланишича, Шейнбум президентликдан кетаётган Андрес Мануэл Лопес Обрадор гувоҳлигида қасамёд келтириб бўлгач, Депутатлар палатаси президиуми раиси Ифигения Мартинес Эрнандес унга президент ҳокимиятининг рамзларидан бири — Мексика байроғи рангидаги президентлик тасмасини топширган.

Маълумотларга кўра, Шейнбаумнинг давлат раҳбари лавозимидаги биринчи мурожаати мамлакат халқига йўлланади, шундан кейин у Мехико марказий майдонида жойлашган Сокало президентлик саройига йўл олади. У ерда Шейнбаум ўзи томонидан шакллантирилган ҳукуматнинг қасамёдини қабул қилади, инаугурацияга келган чет эл давлатлари етакчилари билан учрашади. Сўнг президент саройининг айвонида мамлакатнинг туб халқи вакиллари унга президентлик ҳокимиятининг яна бир ажралмас атрибути — президент асосини топширади.

Клаудия Шейнбаум 2 июн куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида ҳукмрон Morena партиясидан номзод сифатида ғалаба қозонганди. Андрес Мануэл Лопес Обрадор таъкидлаганидек, у нафақат республика мавжуд бўлган 200 йил ичида биринчи аёл президент, балки мамлакат тарихида энг кўп овоз тўплаган президент бўлди.

Мавзуга оид