Жаҳон | 19:36 / 03.10.2024
3260
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳукумати раҳбари ўлдирилганини эълон қилди

Операция тахминан уч ой олдин бўлиб ўтган. ҲАМАС аъзолари Исроил ҳаво кучлари томонидан берилган авиазарба оқибатида ҳалок бўлган.

Фото: Getty Images

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо секторида Хавфсизлик бошқармаси (ISA) кучлари билан биргаликда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати юқори мартабали уч нафар аъзоси ўлдирилганини маълум қилди. Улар орасида Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳукуматини бошқарган Рауҳи Муштаҳа ҳам бор.

Исроил армиясининг аниқлик киритишича, операция тахминан уч ой олдин бўлиб ўтган. Ҳаракат вакиллари Ғазо сектори шимолидаги ер ости мажмуасига Исроил ҳаво кучлари томонидан берилган авиазарба оқибатида ҳалок бўлди. ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, унда қўмондонлик ва бошқарув маркази жойлашган. Рауҳи Муштаҳа билан бирга хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Самиҳ ас-Сирож ва қўмондон Сами Ауда ҳам ўлдирилган.

«Мажмуага берилган зарба ва террорчилар йўқ қилинганидан сўнг, ҲАМАС ўз аъзолари руҳини туширмаслик учун уларнинг ўлими ҳақида эълон қилмади», дейилади Исроил армияси хабарида.

Исроил ҳарбийларига кўра, Рауҳи Муштаҳа ҲАМАС ҳарбий қарорларида иштирок этган, ҳаракатнинг фуқаролик маъмуриятига раҳбарлик қилган ва молиявий масалаларга масъул бўлган. Очиқ маълумотларга кўра, Муштаҳа ҳаракатнинг ҳарбий қанотининг асосчиларидан бири бўлган. У 1988 йилда Исроил томонидан ҳибсга олинган, бироқ 2011 йилда исроиллик аскар Гилад Шалитга айирбошлаш доирасида озод қилинган.

Мавзуга оид