Жаҳон | 21:16 / 06.10.2024
7107
2 дақиқада ўқилади

Трамп сайловда ғалаба қозонса, америкаликларни Марсга қўндиришга ваъда берди

«Биз америкалик астронавтларни коинотга юборишимиз мумкин бўлган ягона сабаб — Илон Маск», деди Трамп.

Фото: AFP/Getty Images

Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп, агар қайта сайланса, иккинчи муддати тугагунга қадар «америкаликлар Марсга етиб боради» деб ваъда берди. Бу ҳақда Трамп 5 октябр куни аввалроқ ўзига суиқасд уюштирилган Батлердаги (Пенсилвания) сайловолди ташвиқоти митингида айтди, деб ёзди Sky News.

Митингда Tesla ва SpaceX асосчиси, X ижтимоий тармоғининг эгаси Илон Маск бир неча дақиқа саҳнага чиқди. Трамп уни таништирар экан, «сўз эркинлигини сақлаб қолгани ва кўплаб ажойиб нарсаларни яратганини» айтди. «Биз америкалик астронавтларни коинотга юборишимиз мумкин бўлган ягона сабаб — Маск», деди Трамп.

Трампнинг Батлердаги митингда қилган нутқи анъанавий баёнотлар ва ваъдалардан иборат бўлди: «коррупциялашган тизим» билан курашиш, АҚШ ташқи сиёсатига «ҳурмат»ни тиклаш, Америкага жиноятчилар кириб келаётган «очиқ чегаралар»ни ёпиш. У ўз нутқини «Америка орзусини қайтариш» ва «ҳар бир оилага фаровонлик» ваъдаси билан якунлади.

АҚШ президентлик сайлови 2024 йил 5 ноябрга белгиланган. 6 октябрдаги сўров натижаларига кўра, Ҳаррис Трампдан 2,5 фоиз пункт олдинда – 48,4 фоизга нисбатан 45,9 фоиз.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид