Жаҳон | 21:34 / 07.10.2024
8145
2 дақиқада ўқилади

Италияда эрта қариш синдромига чалинган 28 ёшли эркак вафот этди

Италиялик Семми Бассо прогерия — эрта қариш синдромига чалинган ва энг узоқ умр кўрган инсон ҳисобланади.

Фото: Cattaneo / Fotogramma / Ropi / ТАСС

Прогерия — эрта қариш синдромига чалинган ва энг узоқ умр кўрган италиялик Семми Бассо 28 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Бассо ҳамда унинг ота-онаси ташкил этган ушбу касалликка қарши курашиш ассоциацияси хабар берди.

«5 октябр куни Семми Бассо ўзи яхши кўрган инсонлар қуршовида байрамни нишонлаганидан кейин кутилмаганда вафот этди», — дейилади ташкилотнинг Facebookʼдаги саҳифасида эълон қилинган хабарда.

Бассо 1995 йилда Италиянинг Скио шаҳрида дунёга келган. Икки ёшида унга Хатчинсон-Гилдорд — прогериянинг болаларда учрайдиган шакли ташхиси қўйилган. Касаллик борасида етарлича маълумот йўқлиги сабаб Бассонинг ота-онаси унга қарши курашувчи ассоциация — l’Associazione Italiana Progeria Sammy Basso'га асос солган.

Семми Бассо унинг Чикагодан Лос-Анжелесга US 66 шоссеси бўйлаб саёҳати ҳақида National Geographic томонидан суратга олинган ҳужжатли фильмдан кейин машҳурликка эришди. Шунингдек, у ўз касаллиги ҳақида маълумот бериш мақсадида телевидениеда чиқишлар қилиб, интервьюлар бериб келарди.

2018 йилда Бассо «табиий фанлар» мутахассислиги бўйича Падова университетини тамомлади. У ген инженерияси ёрдамида прогерияни даволаш имкониятларига бағишланган диссертацияни ҳимоя қилган. Орадан бир йил ўтиб, Бассонинг аортал клапани алмаштирилган — бу прогерияга чалинган беморда ўтказилган шу турдаги биринчи операциядир. Шундан кейин у «Италия Республикаси олдидаги хизматлари учун» мамлакатнинг олий ордени кавалерига айланди.

Хатчинсон-Гилфорд прогерияси кам учрайдиган генетик касаллик бўлиб, ҳар 20 миллион кишининг бирида учрайди. Ҳозирда дунёда ушбу синдром аниқланган 130 та ҳолат қайд этилган, улардан тўрттаси — Италияда.

Прогерияда тери ва ички аъзолар ўзгаради, шунинг учун беморлар ёшига нисбатан каттароқ кўринади. Касаллик оқибатида ҳаёт сифати ҳам пасаяди. Бундай касалликка чалинганлар даволашсиз тахминан 13 йил яшайди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид