Россия бир сутка ичида Украинани 5000 марта ўққа тутди
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Россия Федерацияси 82 та ҳаво ҳужумини амалга оширган, 130 та бошқариладиган бомбаларни улоқтирган ва 5130 маротаба ўқ узган, шундан 144 таси ялпи ўт очиш реактив тизимлари ёрдамида амалга оширилган.
6 октябр, якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага қарата 5130 маротаба ўқ узди, улардан 144 таси ялпи ўт очиш реактив тизимларидан амалга оширилди, деб хабар берди Украина Қуролли кучлари Бош штаби Telegramʼда. «Душман Украина бўлинмалари ва аҳоли пунктлари позицияларига 82 та ҳаво ҳужуми уюштирди, жумладан, 130 бошқариладиган ҳаво бомбаларини ташлади», — дейилади хабарда.
Ўз навбатида, Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари ўзининг Telegram-каналида Россия Украинанинг 14 та ҳудудига 87 та Shahed ҳужумкор дронлари, «Искандар-М» мажмуасидан учирилган иккита баллистик ракета, «Искандер-К» мажмуасидан битта қанотли ракета битта Х-59/69 бошқариладиган авиацион ракета билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Учириш зоналари Россиянинг Орел, Курск ва Приморско-Ахтарск минтақалари бўлди. Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, украиналик ҳарбийлар иккита ракета ва 56 та учувчисиз учоқни уриб туширишга муваффақ бўлган, тўртта дрон эса мамлакат ҳаво ҳудудида қолмоқда.
Одесса ва Киевга ҳужум қилинди
Кеча тунда рус аскарлари Одесса областига ҳужумкор учувчисиз учоқлар ва баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Маҳаллий ОҲМ раҳбари Олег Киперга кўра: «Одессада содир бўлган ҳужум натижасида 100 квадрат метр майдондаги омборхонада ёнғин содир бўлган. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар йўқ. Вайроналар тушиши оқибатида юк машинаси ва чиқинди ёниб кетди, бир киши жароҳат олди». Бундан ташқари, фуқаролик юк кемаси шикастланган, деб ёзди Кипер ўзининг Telegram-каналида қурбонлар йўқлигига аниқлик киритиб.
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотларига кўра, Украина пойтахтида ҳаво ҳужуми ҳақида тревога кечаси уч марта эълон қилинган ва жами 5 соатдан ортиқ давом этган. «Тунда душман яна ўз дронларини Киевга қарши ишлатди», — деб ёзади КШҲМ раҳбари Сергей Попко. Расмийлар дастлабки маълумотларига кўра, учувчисиз учоқларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган, қурбонлар йўқ.
Донецк областида, маҳаллий пабликларга кўра, Краматорск яна Россия ҳаво ҳужуми остида қолган. Интернетда жойлаштирилган фотосуратларда Новокраматорск машинасозлик заводи ҳудудида тутун пайдо бўлганини кўриш мумкин. Маҳаллий ҳокимият бу ҳақда хабар эълон қилинган вақтда изоҳ бермади.