Берлин иқтисодий прогнозни пасайтирди ва рецессияни кутмоқда
Германия ҳукуматининг фикрича, жорий йил якунларига кўра, Германия ялпи ички маҳсулоти 0,2 фоизга қисқаради. Баҳорда у иқтисодий ўсишни 0,3 фоизга прогноз қилган эди.
Германия федерал ҳукумати жорий йил учун иқтисодий прогнозини ўзгартирди ва дастлабки тахминлардан фарқли ўлароқ, энди рецессия давом этишини кутмоқда. 9 октябр, чоршанба куни эълон қилинган расмий прогноз 2024 йил охирига бориб Германия ялпи ички маҳсулоти 0,2 фоизга қисқаришини кўрсатмоқда.
Шундай қилиб, бу йил учун прогноз аввалгисига нисбатан сезиларли даражада ёмонлашди, деди Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Берлинда. Баҳорда Германия ҳукумати 0,3 фоизлик иқтисодий ўсишни кутган эди.
Бунинг сабаби истеъмол талабининг заиф ўсиши, шунингдек, юқори фоиз ставкалари ва беқарор геосиёсий вазият туфайли компанияларнинг паст инвестицион фаоллиги, дея маълум қилди ҳукумат.
Келгуси йиллар учун прогноз бироз яхшиланади
2025 йилда иқтисодиётнинг тикланиши кутилмоқда, келгуси йил учун иқтисодий прогноз бироз яхшиланди. Ҳукумат иқтисодиётнинг бир неча ой олдин 1,0 фоиз ўрнига 1,1 фоизга ўсишини кутмоқда.
Оптимистик сценарий иқтисодий ўсишни жонлантириш бўйича яқинда қабул қилинган чора-тадбирлар тўпламининг жадал амалга оширилиши оқибатларидан келиб чиқади, инвестициялар киритаётган компаниялар учун солиқ имтиёзлари, меҳнат бозорига кекса ва хорижий ишчиларни жалб қилиш, бюрократияни камайтириш ва компаниялар учун энергия нархини пасайтириш шулар жумласидан. Бундан ташқари, ҳукумат немис саноат маҳсулотларига экспорт талабининг тикланишига умид қилмоқда, бу эса яна кўпроқ сармоя киритиш имконини беради.
Етакчи иқтисодий институтлар рецессияни прогноз қилмоқда
Жорий йил учун расмий прогнознинг қисқариши ажабланарли эмас, чунки Германиянинг етакчи иқтисодий институтлари сентябр ойи охирида Германия иқтисодиёти бу йил бироз қисқаришини кутаётганликларини билдирган. ЯИМнинг 0,1 фоизга бироз ўсиши ўрнига, улар 0,1 фоизлик иқтисодий қисқаришни тахмин қилди.
DIW, IWH, IfW, ifo ва RWI институтлари томонидан тайёрланган иқтисодиёт ҳолатининг қўшма таҳлили расмий прогноз учун асос бўлиб хизмат қилади, бундан, ўз навбатида, солиқ тушумлари прогнози тузилади.
Мавзуга оид
11:34 / 01.01.2025
Берлинда пичоқли ҳужум: икки киши яраланди
21:28 / 19.12.2024
2025 йилда 43 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштириш кўзда тутилмоқда
21:11 / 19.12.2024
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари эълон қилинди
13:41 / 16.12.2024