Жаҳон | 14:30 / 10.10.2024
4548
2 дақиқада ўқилади

РФда америкалик ёлланма фаолият учун сиртдан 14,5 йилга ҳукм қилинди

Тревор Рид Украина армиясига қўшилганликда айбдор деб топилди. 2022 йилнинг баҳорида Рид россиялик учувчи Константин Ярошенкога алмаштирилди.

Тревор Рид Фото: Россия Федерацияси Тергов

Россия суди АҚШ фуқароси Тревор Ридни Украина армиясига ёлланма аскар сифатида қўшилганликда айблаб, сиртдан 14,5 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар берди 9 октябр, чоршанба куни Россия Федерацияси Тергов қўмитаси.

Суд ҳукмига кўра, илгари АҚШ денгиз пиёдасида хизмат қилган Рид 2023 йил май ойида «ғаразли мақсадда» Украина Қуролли кучлари (УҚК)га қўшилган, ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва Донецк областидаги жангларда қатнашган, бунинг учун мунтазам равишда пул мукофотлари олган. Россия америкаликни халқаро қидирувга ҳам берди.

Риднинг Украина томонида жанг қилгани ўтган йилнинг июл ойида, у минадан яраланганида маълум бўлган эди. Хабар қилинишича, Рид ўшанда АҚШ расмийларидан уни Германия ёки Полшадаги Америка муассасасига ўтказишни сўраган.

Риднинг Ярошенкога алмаштирилиши 

Аввалроқ, 2022 йил апрелида Рид 2011 йилда АҚШда гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, йигирма йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган россиялик учувчи Константин Ярошенкога алмаштирилган эди. Бу вақтга келиб, Рид деярли икки йил давомида Россия колониясида бўлган — 2020 йил июл ойида у полиция ходимларига ҳужум қилгани учун тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган.

Тревор Рид 2019 йил август ойида Москвадаги Ленинградское шосседа икки қиз билан жанжаллашгани учун қўлга олинган эди. Айбловга кўра, америкалик ушлаш чоғида қаршилик кўрсатган, патрул машинасида эса ҳайдовчига ҳужум қилган, унинг формасини йиртган ва шеригини урган. Рид ўз айбини тан олмади ва маст ҳолда бўлгани учун нима юз берганини эслай олмаслигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид