Футболда мураббий нимага керак? Эронга қарши футбол ўйнамаганимиз ҳақида
Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Эрон билан дуранг ўйнади ва Жалолиддин Машарипов айтганидек, гуруҳда биринчи ўринда боришда давом этяпмиз. Аслида тан олиш керак, Эрон билан дуранг жамоамиз учун ҳам, мухлислар учун ҳам қониқарли натижа ҳисобланади. Аммо биз ўйинга келажак учун, бизни кутиб турган БАА ва Қатарга қарши ўйинлар нуқтайи назаридан қарашга мажбурмиз. Агар гуруҳда пешқадамликни сақлаб қолиш учун бу учрашувларда ғалаба қозонишимизга тўғри келишини инобатга олсак, Эронга қарши ўйиннинг охирги учдан бири, яъни бир киши кўп бўлиб тўп сурган давримиз таҳлил учун ўринли дақиқалар ҳисобланади. Унгача бўлган дақиқаларни Ўзбекистон футболчилари активига ижобий томондан қайд этиш мумкин, зеро Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бирини яхши тўхтата олдик, тенгма-тенг ўйнадик. Аммо ғалаба қозонишимиз мумкин бўлган 60-90 дақиқалардаги ўйин жуда кўп саволларни келтириб чиқарди. Қайтараман, дуранг қониқарли ҳисоб, аммо масала шу – бу ўйин билан БАА ёки Қатарга қарши ўйинларда ғалаба қозона оламизми?
Нега қизил карточкадан унумли фойдалана олмадик?
Ракурсни шу тахлит бурганимизда, вазият ўйлаганимиздан ёмонроқ экани кўзга ташланади. Ижтимоий тармоқларда бир мулоҳаза ўқиб қолдим – «кучлар бир бирига яқин бўлгани икки жамоа тўқнашганда қизил карточка бирор томонга енгиллик бермайди, аксинча, бир киши кам бўлиб қолган жамоа ҳимояга урғу бериб, вазият яратиш янада қийинлашиб кетади». Қисман, тўғри, Мисол сифатида, яқинда Англияда бўлиб ўтган «Манчестер Сити» – «Арсенал» ўйинини келтириш мумкин. Лондонликлар қизил карточка олгач, бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб олди. Мезбонларнинг вазифаси қийинлашиб кетди ва фақат энг охирги дақиқалардагина ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди холос. Агар футболчилар сони тенг бўлганида, икки томонлама ўйин бўлиши ва балким «Сити» кўпроқ зоналарга эга бўлиб, эртароқ ҳисобни тенглаштириши ва балки ғалабага эришиши мумкин эди, тўғрими?
Аммо битта катта фарқ бор. «Арсенал» бир футболчи кам бўлиб қолгач, яна битта гол уриш имконияти деярли нолга тенглашди. Асосий савол «Манчестер Сити» гол ура оладими ёки йўқми, бўлиб қолди холос. Ўйин статистикаси тўлиқ бунга далолат қилади. Энди саволни Тошкентдаги ўйинга кўчирадиган бўлсак, Эроннинг қизил карточкаси бизнинг вазифамизни оғирлаштирди, дея оламизми? Эроннинг гол уриш имконияти бормиди? Бизнинг асосий муаммомиз Эрон ҳимоясини ёриб ўтиш эдими? Бунга ҳаракат қилдикми ўзи?
Биз бир киши кўп бўлиб ўйнаган дақиқалар статистикасига кўз югуртирсак, аниқ зарбалар сони 0-4 Эрон фойдасига, бурчак тўплари ҳам 0-4, тўп назорати деярли тенг – 52-48, биз ростан ҳам бир киши кўп бўлиб тўп сурдикми? Таркибимиз салоҳияти, легионерлар тўп сурадиган клублар даражаси, ички чемпионатларимиз рақобатбардошлиги нуқтайи назаридан биз Эронга етиб олмагандикми? Ростан ҳам таркибни бирма-бир солиштирганда Эрон билан катта фарқ кўрмайман, демак, майдонда бу қадар ожиз кўринишимизнинг сабаби нимада?
Мен ўйлайманки, агар бутун ўйин давомида Эрон билан 11га 11 футболчи билан ўйнаганимизда ҳам бемалол дуранг ўйнай олардик. Ана ўшанда, жамоамизга раҳмат айтган, ростан ҳам гуруҳдаги биринчи ўрнимиз билан фахрланган ва кейинги ўйинларга умид билан қараган бўлардик. Қизил карточка ҳамма таассуротни бузиб юборди.
Сабаби, шундаки, Сречко Катанец қурган жамоа ғалаба қозонишга эмас, мағлубиятга учрамасликка асосланган. Бу Эронга қарши ўйинда ижобий хулоса тақдим эта олади, аммо ютиш керак бўлган ўйинларда панд беради. Шимолий Корея ва Қирғизистонга қарши ўйинлар бизга кичик башоратлар берган, аммо буни вакилларимизнинг етарсиз мотивацияси билан боғлаган бўлишимиз мумкин. Яхшиямки, Эрон бир киши кам бўлиб қолди ва бизда ғалаба қозониш вазифаси пайдо бўлди. Биз бу вазифани уддалай олмадик, жамоамизнинг асосий муаммоси яққол кўзга ташланди. Яхшиямки.
Келинг, аввал миллий жамоамиз қандай схемада ҳаракат қилгани ва бу билан нималар кўзланганига эътибор қаратамиз.
Аслида Катанец доим қўллайдиган 3-4-3 чап расмдаги жойлашувни тақозо қилади – бу схеманинг устунлиги марказда ташаббус беради. Машарипов ва Файзуллаев марказга яқинроқ жойлашган ҳолда ҳам Шомуродовга ёрдам бериши, ҳам тўп назоратида марказий яримҳимоячиларга (Шукуров ва Ҳамробеков) қўшилишлари мумкин. Қанот бўйлаб ўйнайдиган Сайфиев (Алижонов) ва Насруллаев рақиб ҳимоясини кенгайтиришлари керак. Ҳаммаси тушунарли.
Аммо негадир, бу дастлабки кўрсатмаларми ё Эрон шунга мажбур қилдими, схемамиз ўнг томондаги расмга ўхшаб кетди. Файзуллаев ҳам, Машарипов ҳам қанотга яқин тўп суришди. Бу ҳам масалан, Файзуллаевнинг кучли томонларини намойиш қилишга имкон бермади, ҳам керакли зона – марказда устунлик қилишимизга тўсқинлик қилди. Агар айтайлик, Шукуров ёки Ҳамробековда олдинга сурилиб, ҳужумкор яримҳимоячига айланиш салоҳияти бўлганида, қанотларга ўйинни суриш орқали марказда зона очиш ва таянч футболчиларимиз ёрдамида тўлдириш режаси ишлаши мумкин эди. Лекин биринчидан, Шукуров айнан ҳужумга қўшилиш борасида бир йил олдинги формасида эмас, иккинчидан, ҳатто бир киши кам бўлиб қолганимизда ҳам кўрсатма асосида бундай «фишкалар»га мурожаат қилинмади. Аслида қизил карточкадан кейин Ҳамробеков ўрнига Искандаров чиқиши, ёки Ўрунов қанотга чиқиб, Файзуллаев биз кўзда тутаётган позицияни эгаллаши мумкин эди. Қисқа қилиб айтганда, ўйин сценарийси мураббийлардан тайм-менежментни, яъни ўйин пайтида керакли ўзгартиришлар орқали бурилиш ясаш имконини берган бўлса-да, бу амалга ошмади. Катанец ҳам, унинг ёрдамчиси ҳам, табиийки, юқимли ҳолатда футболчиларнинг ўзи ҳам гипперэҳтиёткорликни намойиш этишди. Қайсидир жиҳатдан Саутгейтнинг Англиясини эслатиб юборган бўлиши ҳам мумкин.
Тактикамизнинг моҳияти нимада?
Эҳтиёткорлик ҳақида аслида алоҳида катта боб ёзиш мумкин. Аммо зериктириб қўймаслик учун бу бўлимда асосан скриншотларга эътибор қаратамиз.
Биласизми, футболда турли схемалардан мақсад нима? Ғалаба қозониш, гол уриш, ўз дарвозаси дахслсизлигини таъминлаш, футболчиларнинг камчилигини яшириб, устунлигини юзага чиқариш ва ҳоказо, тўғрими? Агар буни бироз футбол тилига ўгирсак, схемалар тақдим этадиган база шуки, жамоа майдоннинг турли қисмларида сон жиҳатдан устунликка эга бўлиши керак. Яъни жамоа маълум схема асосида ҳаракатланар экан, қайсидир худудда сон жиҳатдан устунликка эга бўлишга интилади ва шу орқали тўпни рақиб жарима майдони томон олиб боради. Бу худудлар мураббий томонидан танланади ва айнан мана шу танловдаги фарқлар турли схемаларни вужудга келтиради. Қайсидир мураббий қанотларни устун кўради, кимдир марказда тўпни назорат қилишга уринади ва ҳоказо. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда ҳар қандай жамоа рақибдан келиб чиқиб, тўп билан бошқа, тўпсиз бошқача схемани танламоқда.
Шунинг учун ҳам қизил карточкалар футболда катта аҳамият касб этади. Замонавий футболда ҳар қандай ўйинда бир футболчи кам бўлиб қолган жамоа бирданига устунликни ҳам бериб қўяди. Ҳа, кам бўлиб ҳам ғалаба қозониш мумкин, аммо бундай ғалабаларнинг тактик асоси бўлмайди, кўпинча, омад, реализация, айрим ижрочиларнинг маҳорати ҳал қилиб қўйиши мумкин холос. Нега? Сабаби, қизил карточка бугунги футболнинг асосий мазмунини ҳал қилиб қўяди – энди маълум зоналардагина эмас, умуман бутун майдонда сизда бир футболчи кўп. Тасаввур қиляпсизми? Энди тўп олдида сон жиҳатдан устунликни таъминлаш учун бош қотириш шарт эмас – базавий ҳаракатларни тўғри амалга оширсангиз, яъни шунчаки, болаликдан ўргатиладиган квадрат ўйнасангиз ҳам сиз тўпни, ўйинни назорат қилишингиз мумкин. Хўш, мураббийларимиз нима қилишди?
Рақибдан бир ўйинчига кўп бўлган ҳолда ўйинни назорат қила олмаганимизнинг сабаби, биз доим тўпни сон жиҳатдан устунлик қилиниш мумкин бўлган худудларга эмас, аксинча, сон жиҳатдан камчилик зоналарга узатавердик. Бу баъзи бир футболчиларнинг ёмон ўйини туфайли эмас, систематик равишда ҳар бир вакилимиз томонидан амалга оширилаверди.
Файзуллаев ва Машарипов Шомуродовга яқинроқ ҳаракат қилмагани боис ягона ҳужумчимиз Эроннинг бутун ҳимоясига қарши ёлғиз қолаверди ва энг қизиғи, Шомуродовга бўлган бу қадар юксак ишонч қаердан? Нега футболчиларимиз Элдор тўпни рақиб дарвозасидан анча узоқда тескари ҳолда қабул қилиб, ёнидаги футболчиларни алдаб ўтиб, гол уриши мумкин, деган режани ким тузди?
Юқоридаги расмларга эътибор беринг – бу бир киши кўп бўлиб ўйнаётган жамоанинг хавфли вазият яратиш режаси. Гўёки Эрон эмас, биз бир киши кам бўлиб қолиб, Шомуродовнинг тезлиги ёки техникасига таяниб қолганга ўхшаймиз. Шарҳ пайтида Самвел Бабаян ҳам таъкидлаб ўтди – агар вертикал ўйнайдиган бўлсангиз, «подбор»да доим футболчиларга эга бўлишингиз лозим. Юқоридаги вазиятларда ҳатто Элдор юқори қаватда устунлик қилган тақдирда ҳам, уни ким қўллайди?
Мана қуйида Элдор мана шундай вертикал паслардан бирини эгаллаб олди ҳам дейлик. Ўрунов анча узоқда ва шеригига ёрдам бермоқчи ҳам эмас, Элдорнинг бир финт билан рақибини алдаб ўтишини кутмоқда. Натижада эронлик ҳимоячилар тўпга етиб келиб, кўпчилик бўлиб тўпни қайтариб олишди. Сон жиҳатдан устунлик? Нима у?
Савол туғилади, шу пайтда қолган футболчиларимиз қаерда эди? Хўп, майдоннинг қайсидир бурчагида кураш бўлиб, кутилмаганда Элдорга етиб келган деб ҳисобласак ҳам, кадрда Эроннинг олти футболчиси. Демак, қаердадир бошқа кадрда бизнинг 8, Эроннинг 3 футболчиси турибди, тўғрими? Ана ўша ерда сон жиҳатдан анча устунмиз. Унда нега тўп айнан бу худудга, яъни сон жиҳатдан Эрон яққол устунлик қилаётган худудга етказиб берилди? Берилаверди?
Энди айнан қаерларда сон жиҳатдан устунлик қилганимизни ҳам кўриб чиқайлик.
Юқоридаги кадрлар айнан Шомуродов томон вертикал пас оширишдан аввал олинган. Биз бемалол тўпни сақлаб туришимиз, сон жиҳатдан устунлик ёрдамида ҳужумни ривожлантириш имкони бўла туриб, футболчиларимиз камчилик бўлган худудга тўп оширишда давом этишмоқда. Сабаби маълум — биз оз футболчиларнинг индивидуал маҳоратига таяниб, турли вазиятлар яратишимиз керак, аммо шу билан бирга, ҳимоячиларимиз ўз ўрнида қолиши, Эроннинг потенциал хавфидан эҳтиёт ҳам бўлишимиз шарт. Албатта, бу ўйин билан Эронга ютқазмаслик қийин эмас, аммо анча кучсизроқ жамоаларни ҳам ютиб бўлмайди. Хўш, риск қилиш керак бўлганда, ғалаба қозониш шарт бўлганда қандай вазиятлар яратамиз? Бошқача услубда ҳимоя чизиғимиз шу қадар ўз мустаҳкамлигини сақлаб қола оладими?
Сизга яна бир нечта кўзни қонатадиган расмлар ҳавола қиламан:
Билд-ап бундай бўлмайди, ўртоқлар. Яна ўша қизил карточкага қайтаверамиз – бир киши кўп бўлиб ўйнаётган жамоа марказда ва олдинги чизикда сон жиҳатдан устунликни таъминлаш ўрнига атайлаб, бир неча футболчини нофаол ҳолда қолдирмоқда. Бундай шартларда нафақат Эрон, ҳимоя чизиғи етарлича савияли бўлган, умуман ҳозирги босқичдаги ҳар қандай жамоа бемалол ҳимоялана олади. Тўпнинг орқасида суғурта учун 2-3 футболчимизни қолдириб, олдинги чизиқда фақат кимнингдир индивидуал маҳоратига суянишдан бошқа иложимиз қолмайди. У ҳолда мураббийларнинг вазифаси нимада? Айнан керакли худудларда сон устунликни таъминлаш, тўғри ҳаракатланишни автоматлаштириш эмасми? Мана, Эрондан дарс:
Деярли барча футболчилар тўп чизиғидан олдинга ўтгани боис, тўпни керакли зоналарга етказиш имконияти кўпроқ. Ҳатто вакилларимиз прессинг қилган тақдирда ҳам, эронлик ҳимоячи вертикал узун пас узатади ва ҳатто ўша худудда ҳам тўп учун курашиш имконияти сақланиб қолади. Бизнинг ҳолатимизда эса ҳар қандай узун пас тўпни рақибга тақдим этиш деганидир, чунки биз олдинги худудларда сон жиҳатдан икки баробар камчиликка эгамиз. Шунинг учун Эроннинг онда-сонда қилган прессинглари ҳам керакли натижани бераверди – Ўткир Юсуповнинг ўзида 10 та узун пас бўлиб, атиги 2 таси аниқ етиб борди ва фақат бир ҳолатда тўпни ўзимизда сақлаб қолишни уддаладик.
Иккинчидан, иккинчи таймда, айниқса, охирларига бориб, футболчиларимиздаги чарчоқни сезган бўлсангиз керак. Икки томонлама назорат тайми бўлган биринчи ва бир киши кўп бўлиб ўйнаган иккинчи таймдан сўнг бу қадар чарчаб қолишимиз ҳам мураббийларнинг хатоси – биз тўпни назорат қилиш ўрнига жуда кўп тўп йўқотдик, ноаниқ эгасиз паслар туфайли уни эгаллаш учун ҳам, йўқотилган тўпни қайтариб олиш учун ҳам кўп куч сарфлаб юбордик.
Хулоса
Мураббийнинг вазифаси нимада? Айтайлик, клубда бироз бошқача, у ерда умумий бошқарув, ўзаро муносабатлар, жамоанинг оила бўлиб шаклланиши, узоқ вақт самара берадиган шаклни яратиш муҳим ҳисобланади. Миллий жамоада эса бироз фарқли – мураббий ўйиндан ўйинга яшайди. Жамоага мос тактика ва конкрет рақибга мос режа ишлаб чиқиш бош мураббийнинг энг муҳим вазифасидир.
Футболнинг ижрочилари —футболчилар. Жуда кўп ўйинлар, натижалар айнан уларнинг индивидуал маҳорати, қарорлари туфайли юзага келса-да, тактиканинг вазифаси буни минималлаштирадиган, ижрочиларнинг маҳоратидан қатъи назар тизимли равишда гол уриш имкониятларини тақдим этиши керак. Шу билан бирга, рақибнинг тактикасига зарба бериб, унинг устунликларига тўсиқ бўладиган ва ожиз томонларини юзага чиқарадиган режа ҳам керак бўлади.
Шу нуқтайи назардан баҳо берсак, Эронга қарши ўйин учун танланган тактика ва режа ёмон эмасди. Аммо бу бир мағлубиятга учрамаслик режаси эди, бошқа томондан, ғалаба учун ўйнаш лозим бўлган пайтда футболчиларимиз ишончли кўринишмади. Бу эса ўзига яраша огоҳлик қўнғироғи бўлиб жаранглади.
Юқорида Англия миллий жамоасини бекорга эсламадим. Албатта, шу йўл билан финалга етиб борган Саутгейт жамоасига Беллингҳэмнинг чалқанча зарбаси, Уоткинснинг 0.05 имкониятни голга айлантиргани ва ҳоказолар ҳам ёрдам берганини унутмаслигимиз керак. Яъни бундай ўйин аксинча, кучсизроқ рақибларга қарши имкониятимизни тенглаштириб қўйиши ҳам мумкин. Дуранглар билан жаҳон чемпионатига чиқиб бўлмайди. БАА ва Қатарга қарши ўйинларда ғалаба учун ўйнашга мажбурмиз. Бу ўйинларга прототип сифатида олинган «10 киши қолган Эрон» билан ўйинимиз эса синовдан ўтмади. Уч очко ололмаганимиз эса турнир жадвалидаги ҳолатимизни хавфли қилиб қўйди — БАА га қарши ўйинда мағлубият бизни гуруҳда учинчи ўринга тушириб юборади. Бу фактор эса мураббийларимизни янада эҳтиёткор бўлишга мажбур қилиб, яна ҳужумда муаммоларга дуч келишимиз эҳтимоли катта. Ишқилиб, Элдор ўша уч футболчини алдаб ўтиб гол урсин-да...
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
08:39 / 22.11.2024
АЭХА раҳбари Эрон ядро дастури бўйича ҳисобот тайёрлайди
18:51 / 21.11.2024
Таҳлил. Миллий жамоада «3-4-3»ни қандай ишлатяпмиз?
13:11 / 21.11.2024