Жаҳон | 14:10 / 14.10.2024
1868
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон ОАВ Навалнийнинг хотираларидан парчаларни чоп этди

Шимолий қутб доирасидан ташқаридаги Россия колониясида вафот этган Алексей Навалнийнинг хотиралари шу йилнинг 22 октябрида нашр этилади.

Фото: REUTERS

Бир қатор жаҳон оммавий ахборот воситалари 12 октябр, шанба куни Россия колониясида вафот этган россиялик сиёсатчи Алексей Навалнийнинг хотираларидан парчаларни чоп этди. «Патриот» китобининг бир нечта бўлимлари Американинг The New Yorker, Германиянинг Der Spiegel журналида, Франциянинг El Pais ва Британиянинг The Times газеталарида қайта нашр этилган.

Китобга киритилган Навалнийнинг кундаликларидан парчалар 2021 йил 21 январда — сиёсатчи "Новичок" билан заҳарланишдан омон қолгани, Германиядан Россияга қайтиб келгани ва "Шереметево" аэропортида чегара назоратида қўлга олинганидан кейин психологга ташрифидан бошланади.

Ёзувлар сиёсатчи аллақачон Владимир области Покров шаҳридаги умумий режимли колонияга юборилган ўша йилнинг апрелини қамраб олади. Унда Навалний уни даволашдан бош тортишганидан шикоят этган ва шунинг учун 31 март куни очлик эълон қилган. Навалний бир неча ҳафта очлик эълон қилганини тасвирлар экан, колония ходимлари қандай қилиб чўнтагига конфет солиб қўйгани, ҳамма жойда унга эргашган «айғоқчилар» ва уни овқат ҳиди билан «алдашга» уринишлар ҳақида гапирган.

«Бугун мен тушкунликка тушдим. Ҳаммомга бордик. Иссиқ душга зўрға чидадим. Оёқларим бўшашиб кетаётганди. Кечқурун - умуман кучим йўқ. Мен фақат ётишни хоҳлаяпман. Ҳиссий ва руҳий тушкунликни ҳис қиляпман», — деган Навалний очлик эълон қилганининг иккинчи ҳафтасини тасвирлаб.

20 апрел куни Навалний мустақил экспертизадан ўтказилган ва 23 апрел куни очликни тўхтатаётганини маълум қилган. «Мен сўзсиз ишонадиган шифокорлар кеча баёнот билан чиқдилар, биз очликни тўхтатишим учун етарли нарсага эришдик, деб ўйлайман», — деб ёзган Навалний.

El Mundo: «ГРУ» ходими Рубцов Навалнийни Европада кузатиб юрган

Журналист ва «ҳарбий мухбир» бўлиб яширин ишлаган россиялик жосус Пабло Гонсалес (Россия паспортига кўра — Павел Рубцов) Россия махсус хизматлари томонидан 2017 йилда сиёсатчи Алексей Навалний шикастланган кўзи бўйича Европада даволанаётган пайтда уни кузатиш ҳақида топшириқ олган. Бу ҳақда Испаниянинг El Mundo нашри 6 октябр куни Гонсалесга қарши ҳозирда Полшада тергов қилинаётган жосуслик иши бўйича тергов ҳужжатларига таяниб ёзди.

Испания махсус хизматларига тушган материалларга кўра, Гонсалес (Рубцов) Россия давлат буюртмачиларига Алексей Навалний даволанган Барселона ва Лозаннадаги клиникалар ҳақида маълумот берган. El Mundo нашрига кўра, айғоқчи сиёсатчи билан камида икки марта учрашган ва учрашувлардан бирида Навалний 2020 йилда «Новичок» билан заҳарланганидан кейин у билан селфига тушиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилган. Гонсалес суратга сиёсатчи Россия ҳукумати томонидан таъқибга учрамади, деган изоҳ қолдирган, чунки Москва унга «биринчи сўров бўйича чет элга» чиқиши учун «паспортни бир неча соат ичида» тақдим этган, дея ёзади нашр.

El Mundo Гонсалеснинг Россия разведкасига берган ўнлаб ҳисоботлари ва Полшадаги «ГРУ» агентига айблов асосини ташкил этувчи бошқа ҳужжатларга эга. Материаллар Испания махсус хизматларига топширилди, деб ёзади нашр. Полша разведкаси маълумотларига кўра, рус жосуси кузатув олиб борган, Россияга маълумот узатган ва «Россия ҳукумати сиёсатига мос келадиган дезинформация»ни чоп этган. Шунингдек, Гонсалес, Полша разведка хизматларига кўра, қувғиндаги мухолифатчилар тўпланадиган жойларда Wi-Fi паролларини Москвага узатган, бу уларнинг ноутбукларини ҳакерлик ҳужумлари олдида ҳимоясиз қилиб қўйган, деб ёзади нашр.

Мавзуга оид