Ўзбекистон | 13:23 / 15.10.2024
8975
2 дақиқада ўқилади

“Менинг боғчам” лойиҳасида овоз бериш жараёни бошланди

“Очиқ бюджет” порталида илк марта “Менинг боғчам” лойиҳаси доирасида овоз бериш жараёни бошланди. 2025 йилда давлат инвестиция дастури асосида қуриладиган ва реконструкция қилинадиган боғчаларнинг 50 фоизи фуқаролар овози орқали танлаб олинади.

Фото: Kun.uz

15 октябр соат 10:00 да “Очиқ бюджет” порталида “Менинг боғчам” лойиҳасида овоз бериш жараёни бошланди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, 2025 йилги давлат инвестиция дастури асосида янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган боғчаларнинг 50 фоизи овоз бериш орқали жамоатчилик томонидан танланади.

Ҳозирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги белгилаган рўйхат асосида республика бўйича 451 та боғча овозга қўйилган. Ажратилган бюджет – 397,6 млрд сўм.

Овоз бериш жараёни 25 октябр 10:00 гача давом этади. Худди “Ташаббусли бюджет” каби “Менинг боғчам”да ҳам “бир фуқаро – бир овоз” тамойилига амал қилинади.

Лойиҳаларга уч хил йўл билан овоз бериш мумкин:

2025 йилда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган объектларга аниқлик киритиш овоз бериш жараёни якунларига кўра, қуйидаги кетма-кетлик бўйича амалга оширилади:

  • ҳар бир туман ва шаҳарларда энг кўп овоз тўплаган биттадан лойиҳаларга аниқлик киритилади;
  • тўпланган овозлар сонидан келиб чиқиб, туман ва шаҳарлардаги энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар юқоридан пастга сараланади;
  • ҳар бир ҳудуд бўйича (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ажратилган лимит доирасида энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар танлаб олинади.

Агар туман (шаҳар)ларда бир нечта лойиҳалар бир хил овоз тўпласа, энг юқори кўрсаткични биринчи бўлиб қайд этган лойиҳа танлаб олинади.

Мавзуга оид