Ўзбекистон | 13:00 / 16.10.2024
1139
2 дақиқада ўқилади

Уммон Ўзбекистонда меҳмонхона бизнесини йўлга қўйиши мумкин

Халқаро Нордик университетида Ўзбекистоннинг Уммондаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон–Уммон бизнес-форуми ўтказилди.

Фото: "Дунё" АА

Бизнес-форумда Al Khonji Group LLC бошқарув кенгаши раиси, Уммон савдо-саноат палатаси собиқ президенти Кҳалил ал-Кҳонжи, Arabian Industries SAOC ижрочи директори, Уммоннинг қатор вилоятларидаги меҳмонхоналар эгаси Амур ал-Сулеиманий иштирок этдилар.

Улар Ўзбекистондаги тиббиёт муассасалари ва тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқарувчи ширкатлар билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирдилар. Шунингдек, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан меҳмонхона бизнесини йўлга қўйиш таклифларини илгари сурдилар.

Форумда General electric & Trading Co LLC бошқарув кенгаши раиси Муртадҳа Ҳассан Али томонидан Уммон бизнес тажрибалари хусусида маълумотлар берилди. Нуфузли меҳмон Ўзбекистонда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ширкатлар билан ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.

Форумда нефт ва газ, кимё, энергетика ва электротехника саноати, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, туризм ва бошқа соҳаларда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро савдони ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги эътироф этилди.

Халқаро Нордик университети ва Уммон компаниялари раҳбариятлари ўртасида ўқитиш, кадрлар тайёрлаш, таълим соҳаларида ҳам тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилди.

Мавзуга оид