Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ойда меҳмонхона қуриш режаси қанчалик реал?
АҚШдаги GRU Space стартапи Ойда биринчи меҳмонхона қуриш ғоясини очиқ эълон қилди ва ҳатто жойларни олдиндан банд қилишни бошлади. Бу ғоя илмий фантастикага ўхшайди, лекин ортида аниқ режалар ва инвестициялар бор.
Фото: GRU
GRU Space режасига кўра, Ойда тўрт кишилик кичик меҳмонхона 2032 йилга бориб ишга тушади. Ҳозироқ иштирок этишни истаганлар учун навбат очилган. Депозит миқдори 250 минг доллардан 1 миллион долларгача етади. Бу пул меҳмонхонага кириш кафолати эмас, балки биринчи Ойга учадиган сайёҳлар орасида устунлик олиш имконияти.
Меҳмонхона энг қизиқ жиҳати билан ажралиб туради. У Ердан олиб борилган материаллардан эмас, балки Ойнинг ўзидаги тупроқдан қурилади. Ой чанги махсус технология орқали қурилиш учун мос ғиштга айлантирилади. Бу транспорт харажатларини кескин камайтиради. Бино дизайни эса Сан-Францискодаги Palace of Fine Arts услубида бўлади. Классик устунлар ва катта айвонлар Ой юзида пайдо бўлади.
Лойиҳа ортида муҳандис Скайлер Чан турибди. У Калифорния университети битирувчиси бўлиб, ғояни аввал ёлғиз ишлаб чиққан. Кейин у сармоя топган ва машҳур Y Combinator акселераторидан ўтган. Бу айнан Airbnb ва Dropbox каби стартапларни дунёга олиб чиққан тизим.
2029 йилга бориб GRU Space Ойга биринчи синов юкларини юборишни режалаштиряпти. У ерда шишириладиган модуллар, ҳаво босими, кислород, ҳарорат ва қуёш панеллари текширилади. Шунингдек, Ой чанги қандай қилиб қурилиш материалларига айланишини амалда кўришади.
Кейинги босқичда эса каттароқ модул Ой ичидаги табиий ғорга ўрнатилади. Бундай жой радиациядан ва кескин иссиқ-совуқдан яхши ҳимоя қилади. Шу билан одамлар учун хавфсиз яшаш муҳити яратилади.
GRU Space бу лойиҳани фақат бойлар учун экзотик саёҳат деб ҳисобламайди. Улар буни Ойда доимий инсон мавжудлиги учун биринчи қадам деб кўради. Бугун меҳмонхона, эртага илмий база, кейин эса Ойда кичик шаҳарчалар пайдо бўлиши мумкин.
Қизиқ томони шундаки, бундай шишириладиган модуллар илгари NASA томонидан Халқаро космик станцияда синовдан ўтган. BEAM номли модул бир неча йил ишлаган ва металл конструкцияларга қараганда енгилроқ ва чидамлироқ бўлиб чиққан. Космосда ҳар бир килограмм юк жуда қиммат бўлгани учун бу технология жуда муҳим.
Ойдаги меҳмонхона ғояси бугун ғалати туюлиши мумкин. Лекин бир неча ўн йилдан кейин Ойга бориш самолётга чиқишдек оддий ишга айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Технологиялар тез ўзгараётган бугунги кунда энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш муҳим. Рақамли дунёда адашиб қолмаслик ва шундай янгиликларни биринчилардан билиш учун KUN.UZ Texnologiya Телеграм саҳифасини кузатиб боринг.
Мавзуга оид
18:33 / 20.11.2025
Туризм соҳаси учун янги имтиёзлар ва субсидиялар эълон қилинди
22:08 / 31.10.2025
Туркия суди меҳмонхонадаги ёнғин иши бўйича 11 кишига умрбод қамоқ жазоси тайинлади
07:50 / 27.10.2025
Ойдаги чанг Ерда сувнинг келиб чиқиши ҳақидаги версияни ўзгартирди
11:30 / 24.10.2025