Жамият | 18:08 / 17.10.2024
10867
2 дақиқада ўқилади

Ўзбошимчалик 6,5 йил қамоқ ва қарийб 7 млрд сўмга тушди

Янги Наманган туманида яшовчи эркак уйига туташ қабристондаги XVI-XVII асрларга оид қабрларни бузиб ташлагани учун озодликдан маҳрум этилди. Ушбу қабристон моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган бўлган. Объектга 6 млрд 970 млн сўм зарар етказилгани аниқланган.

Фото: РИА Новости

Наманганда археология ёдгорлигига зарар етказган эркак жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Янги Наманган тумани Гўзал маҳалласида яшовчи, 1970 йилда туғилган Қ.А. уйига туташ “Бўзчи мозор” қабристонидаги XVI-XVII асрларга оид эски қабрларни бузиб, ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган. Ушбу қабристон моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган бўлган.

Эркакнинг ушбу ҳаракати оқибатида археология ёдгорлиги маданий мерос объектига 6 млрд 970 млн сўм моддий зарар етказилган.

Қ.А. судда айбига иқрор эмаслигини билдирган.

2023 йилда уйимга туташ қабристондаги қабрларни текислаб, 6 сотих ерга уй қурдим. Лекин Кадастр агентлиги Наманган вилоят бошқармаси уйнинг ҳужжати йўқлиги учун бузишга қарор чиқарди.

Қабристон ерини текислаб, боғ қилмоқчи бўлдим. 2024 йил 20 март куни қабристон тепалигидаги қабрларни техника ёрдамида текислаб, мевали дарахт кўчатларини ўтқазаётганимда ИИБ ходимлари келиб, ишни тўхтатди. Қабристон маданий мерос объекти эканини билмагандим. Бу ерларни обод қилишни хоҳлагандим”, деган у ўз кўрсатмасида.

Суд Қ.А.ни Жиноят кодекси 132-моддаси (моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топган. Унга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, Қ.А.дан маданий мерос объектига етказилган зарар – 6 млрд 970 млн сўм ундириш белгиланган.

Олдинроқ Самарқандда маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган уйини бузган фуқаро жиноий жавобгарликка тортилганди.

Мавзуга оид