Ўзбекистон | 13:40 / 18.10.2024
2821
2 дақиқада ўқилади

4,8 млрд сўмлик энергия ресурсларини ўғирлаган газ заправкалар аниқланди

Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида 4,8 миллиард сўмлик энергия ресурсларини ўғирлаган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари аниқланди.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабарига кўра, департаментнинг Юнусобод тумани бўлими томонидан “Ҳудудгаз пойтахт” газ таъминоти филиали ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “Б.” МЧЖ раҳбари Т.А. ва бошқалар МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган газ ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказиб, жами 1,5 миллион куб метр табиий газни ўғирлаб, давлат ва жамият манфаатларига 2,7 миллиард сўм зарар етказгани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан “Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “М.Г.” МЧЖ раҳбари С.Р. Паст Дарғом туманидаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг уланиш схемасини ўзгартириб, тижорат мақсадида 2,1 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид