Жаҳон | 21:55 / 22.10.2024
2642
2 дақиқада ўқилади

Перу собиқ президенти Алехандро Толедо пора олгани учун 20 йилга қамалди

У Odebrecht қурилиш конгломератидан автомагистрал қуриш учун рухсат эвазига 35 миллион доллар пора олганликда айбдор деб топилди.

Фото: AP

Перу суди мамлакатнинг собиқ президенти Алехандро Толедони коррупция иши бўйича 20 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар берди AP.

2001 йилдан 2006 йилгача президентлик қилган 78 ёшли Толедо Бразилиянинг Odebrecht қурилиш конгломератидан автомагистрал қуриш учун рухсат эвазига 35 миллион доллар пора олганликда айбдор деб топилди. Собиқ президент айбини тан олмади, унинг адвокати ҳукм устидан шикоят қилишини айтди.

Тергов маълумотларига кўра, Толедо Перу жанубини Бразилия билан боғловчи магистралнинг 650 километрлик қисмини қуриш бўйича шартнома имзолаш эвазига пора олган. Қурилиш харажатлари дастлаб 507 миллион долларга баҳоланган, аммо охир-оқибат Перу бюджетидан 1,25 миллиард доллар тўланган.

Суд жараёнида Перудаги Odebrecht филиалининг собиқ раҳбари Хорхе Баратанинг кўрсатмаси ўқилди, у Толедо президентликдан кетганидан кейин ўзига бир неча бор қўнғироқ қилиб, лаънатлар ёғдириб, пул талаб қилганини айтди. Собиқ президент компаниядан келишилган пора миқдоридан камида 20 миллион доллар олишга муваффақ бўлган.

2016 йилда Алехандро Толедо АҚШ Калифорния штатига кўчиб ўтди. У ерда Стэнфорд университетида ишлади. 2019 йилда Толедо Перу расмийлари илтимосига биноан ҳибсга олинди. 2022 йилда Перуга экстрадиция қилинди ва шундан бери тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳукм чиқарилганидан кейин у Лима чеккасидаги Перу собиқ президентлари учун махсус қурилган қамоқхонада жазони ўтайди.

Толедо аср бошидан бери суд томонидан қамоққа маҳкум қилинган иккинчи президент бўлди. Ундан олдин мамлакатни 1990-2000 йилларда бошқарган Алберто Фухимори 16 йил қамоқда ўтирди ва 2023 йилда озодликка чиқди.

Ҳозир Перуни 17 йил давомида бошқарган жами тўрт нафар собиқ президент Odebrecht қурилиш гигантидан пора олганликда айбланмоқда: Алехандро Толедо (2001–2006), Алан Гарсия (2006–2011), Олянта Умала (2011–2016) ва Пабло Кучински (2016–2018).

Мавзуга оид