Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўз ишлаётган ташкилотдаги коррупция ҳақида хабар берганлар ҳимоя қилинади
Янги қонунга кўра, агар шахс ўзи ишлаётган давлат органидаги коррупция ҳолати ҳақида асос хабар берса, икки йил давомида унга нисбатан Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан хабардор этмаган ҳолда интизомий жазо қўллашга, шу жумладан жазо тариқасида ишдан бўшатишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон президенти 22 июн куни имзолаган қонун билан, коррупцияга ҳақида хабар берган шахсларнинг ҳимояси кучайтирилди.
Унга кўра, эндиликда ўзи меҳнат фаолиятини олиб бораётган давлат органида коррупцияга оид жиноят тўғрисида асосли хабар берган шахсга нисбатан Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан хабардор этмаган ҳолда икки йил давомида интизомий жазо* чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.
*Изоҳ: Меҳнат кодексига кўра, интизомий жазо – ҳайфсан, жарима, ишдан бўшатиш ёки бошқа шаклларда бўлиши мумкин.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларни рағбатлантириш давлат томонидан кафолатланади. Рағбатлантириш бир марталик пул мукофоти, ташаккурнома, эсдалик совғаси шаклида ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа шаклларда амалга оширилиши мумкин.
Мазкур кафолатлар “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилди. Ўзгаришлар 2026 йил 23 июлдан кучга кирди.
Аввалдан мавжуд кафолатлар
Маълумот учун, бунгача ушбу қонунда коррупция ҳақида хабар берувчиларга оид қуйидаги нормалар мавжуд эди:
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари давлат ҳимоясида бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар хизмат сирини ташкил этади ҳамда фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва шахснинг ўзининг, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи орган раҳбарининг ёзма рухсати асосида ошкор этилади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларнинг ҳамда уларнинг яқин қариндошларининг ҳаётига ва соғлиғига ҳақиқий таҳдидни, уларга нисбатан зўрлик ишлатилганлигини, уларнинг мол-мулки йўқ қилинганлигини ёки шикастлантирилганлигини тасдиқловчи етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда, коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахсларнинг ва уларнинг яқин қариндошларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилганлиги сабабли тажовуз қилишга, шунингдек иш берувчи томонидан уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмайди ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларни рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ушбу қоидалар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида била туриб ёлғон ахборотни хабар қилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди, улар бундай ҳуқуқбузарлик учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.