Жаҳон | 15:30 / 25.10.2024
3790
2 дақиқада ўқилади

Финландия РФ билан чегарадаги иккита назорат пунктини ёпди

«Париккала» ва «Инари» Россия билан чегарадаги вақтинчалик назорат пунктлари эди. Энди улар бутунлай ёпиқ.

Фото: JUSSI NUKARI/Lehtikuva/AFP/Getty Images

24 октябр, пайшанба куни идора сайтида эълон қилинган расмий баёнотга кўра, Финландия чегара хизмати Россия билан чегарадаги «Париккала» ва «Инари» вақтинчалик чегара ўтиш жойларини тўлиқ ёпиб қўйди.

Биринчи ўтиш жойи орқали ҳаракат 2022 йилда Россия ёғочларини экспорт қилиш чекловлари туфайли, иккинчиси орқали эса 2021 йилда тўхтатилди. Идора баёнотида айтилишича, расмийлар назорат-ўтказиш пунктини тўлиқ ёпиш учун барча чораларни кўради, жумладан, чегара ўтиш жойини кўрсатувчи белгиларни демонтаж қилади.

Финландия РФ билан чегара яқинида НАТО қўмондонлик марказини яратади

Финландия Россия чегарасидан 200 километрдан камроқ масофада жойлашган Миккели шаҳрида НАТО қўмондонлик базаси яратилишини эълон қилди. Бу ҳақда 27 сентябр куни мамлакат мудофаа вазири Антти Хяккянен маълум қилди. Бу билан Финландия Россияга «биз НАТОнинг тўлақонли аъзоси эканлигимиз ва НАТО Финландия мудофааси учун ҳам жуда муҳим эканлигини билдириб қўяди», деди Хяккянен ва Финландия армияси қўмондонлиги аллақачон Миккели шаҳрида жойлашганини қўшимча қилди.

Мамлакат НАТОга қўшилганидан деярли бир ярим йил ўтгач, Миккели шаҳрида Шимолий Европадаги янги база яратилади, у ерда турли мамлакатлардан бир неча ўнлаб ходимлар жойлаштирилади. «Жойлаштириш жойларини бирлаштириб, биз миллий мудофаа бошқаруви ва НАТО мудофаа бошқаруви ўртасида энг яхши синергик таъсирга эришамиз», деб қўшимча қилди Финландия Мудофаа вазирлиги раҳбари. Янги бош қароргоҳ НАТОнинг Норфолкдаги штаб-квартирасига бўйсунади, дея хабар беради YLE.

Июн ойида НАТО мудофаа вазирлари Финландияда алянснинг шарқий мамлакатлари хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи ротацияли қуруқликдаги кучларни (FLF) жойлаштиришга қарор қилишди. Хяккянен аниқлик киритишича, аниқроқ саналар кейинроқ эълон қилинади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид