Дунёдаги энг нуфузли бизнес-индекс тикланди
Жаҳон банки бир неча йил олдин можароли тарзда тўхтатилган “Doing Business” индекси ўрнига янги “Business Ready” индексини жорий этди. Янги рейтингда аввал йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгани айтилмоқда.
Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” индекси (“Doing Business”) узоқ вақт давомида бутун дунё бўйлаб бизнес муҳитини баҳолашнинг муҳим манбаси деб эътироф этиб келинган. Лекин 2021 йилда маълумотларни сохталаштириш билан боғлиқ можаро туфайли бу ҳисоботни тайёрлаш тўхтатиб қўйилган эди.
Эндиликда Жаҳон банки янги “Business Ready” (“B-Ready”) индексини ишлаб чиқди. Янги рейтингда аввал йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгани айтилмоқда.
The Economist'нинг ёзишича, олдинги ягона рейтингдан фарқли ўлароқ, янги индекс тартибга солиш, ижтимоий хизматлар ва операцион самарадорликни қамраб олувчи учта алоҳида индексни ўз ичига олади. Бундан ташқари, “B-Ready” ўз қамровини кенгайтириб, йирик компаниялар, ишчилар ҳуқуқлари ва экологик барқарорлик каби ижтимоий жиҳатларни ҳам қамраб олди.
Янги индекс кенгроқ миқёсда сўровлар ўтказиш орқали бизнес муҳитининг ҳақиқий ҳолатини яхшироқ кўрсатиб бериш, батафсилроқ ва ишончлироқ маълумотлар тақдим этишни ваъда қилмоқда. Аввалги ҳисоботлар осонликча манипуляция қилиш мумкинлиги сабабли танқид қилинган эди: ҳукуматлар арзимас ислоҳотларни амалга ошириб, рейтингдаги ўз ўринларини яхшилаб олишлари мумкин эди. Янги ёндашув бу муаммони имкон қадар камайтиришга қаратилган, лекин субъективлик ҳамон муаммолигича қолмоқда. Хусусан, қайси омилларни – масалан ишчилар ҳуқуқларини ёки солиққа тортиш масалаларини – энг муҳим деб ҳисоблаш сиёсий баҳслар мавзуси бўлиб қолмоқда.
Бу мураккабликларга қарамай, янги индекс кўпроқ маълумотлар ва кенгайтирилган қамров туфайли такомиллаштирилган усул сифатида баҳоланмоқда. Аввалги рейтинг тизими билан боғлиқ салбий рағбатлантирувчи омилларнинг бирмунча бартараф этилгани янги индекснинг энг муҳим ютуқларидан бири бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
19:10 / 13.11.2024
Ҳиндистон фонд бозоридаги бум: молиявий инқилоб шовқини рискларни ёпиб кетяптими?
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
17:27 / 06.11.2024