Ўзбекистон | 08:50 / 26.10.2024
1574
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев 25 октябр куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) парламент сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари Дуглас Уэйкни қабул қилди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда мамлакатда бўлажак парламент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Ўзбекистон билан ЕХҲТ ва унинг институтлари ўртасида очиқ ва самарали мулоқот ўрнатилгани, хусусан, бюро билан унумли ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди.

Бўлажак парламент сайловига тайёргарлик кўриш доирасида ДИИҲБ кузатувчилари миссияси фаол ишлаётгани юқори баҳоланди. Бюро экспертлари миллий сайлов тизимини такомиллаштириш жараёнида иштирок этди. Улар билдирган тавсия ва таклифларнинг аксарияти инобатга олиниб, мамлакат қонунчилигига татбиқ этилди.

ДИИҲБ вакили миссия фаолиятига кўрсатилаётган эътибор учун самимий миннатдорлик изҳор этди ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бу галги сайлов илк бор янгиланган конституциянинг парламент ва маҳаллий вакиллик органларининг ролини кучайтиришни назарда тутувчи қоидалари асосида аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди.

Мавзуга оид