Ўзбекистон | 08:30
4846
3 дақиқада ўқилади

Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож шахсларга субсидия бериш тартиби тасдиқланди

Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахслар учун кадастр паспортини расмийлаштириш ва кўчмас мулк ҳуқуқини давлат реестрига ўтказиш билан боғлиқ йиғимлар ва тўловлар қиймати 50 фоизга қисқартирилган.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан "маҳалла еттилиги" тавсиясига асосан камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахсларга ипотека бериш тартиби тасдиқланди.

У "Маҳалла еттилиги" тавсиясига асосан камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахсларга берилади.

Тасдиқланган низом қуйидаги тартибларни белгилайди:

  • хусусий уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 млн сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз пунктга юқори ставкада ипотека ажратиш;
  • ипотека бўйича бошланғич тўлов қисмини қоплаш учун ажратиладиган сумманинг 15 фоизини ҳамда муддатнинг дастлабки беш йили давомида 12 фоиздан ошадиган фоиз тўловлари қисмини қоплаш учун субсидия тўлаш;
  • ажратиладиган субсидияларни рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштириш.

Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахслар учун кадастр паспортини расмийлаштириш ва кўчмас мулк ҳуқуқини давлат реестрига ўтказиш билан боғлиқ йиғимлар ва тўловлар қиймати 50 фоизга қисқартирилган.

Субсидиялар subsidyplatform.mf.uz тўлов платформаси орқали ажратилади.

Қарз олувчилар қуйидаги мезонларга мос бўлиши керак:

  • 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон фуқароси бўлиши;
  • тўловларни қоплаш учун етарли даромад манбайига, шу жумладан, шахсий томорқа ёки фермер хўжалигидан ёхуд ўзини ўзи банд қилишдан даромадга эга бўлиши;
  • қарз олувчининг барча қарзлар бўйича ўртача ойлик тўловлари унинг тасдиқланган ўртача ойлик даромадининг 60 фоизидан ошмаслиги;
  • маблағ ажратиш масаласи кўриб чиқилаётган пайтда қарз олувчининг ташкилотлардан олдин олган қарзи бўйича муддати ўтган қарздорлиги йўқлиги;
  • бозор тамойилларига асосланган уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида олдин ипотека бўйича субсидиялардан фойдаланмаган бўлиши;
  • реконструкция қилиш ва таъмирланадиган уй ёки хусусий уй қуриладиган ер участкаси қарз олувчининг ўзига ёки у билан яшовчи яқин қариндошларидан бирига тегишли бўлиши ва қарз олувчи камида 6 ой давомида шу манзилда доимий рўйхатдан ўтган бўлиши.

Мавзуга оид