Жаҳон | 22:16 / 28.10.2024
5686
2 дақиқада ўқилади

Volkswagen Германиядаги камида учта заводини ёпади

Автоконцерн раҳбариятининг огоҳлантиришича, ишлашни давом этадиган ходимлар иш ҳақи 10 фоизга қисқариши ва келгуси икки йилда оширилмаслигига тайёр туриши керак.

Фото: AP / Markus Schreiber

Volkswagen компанияси Германия ҳудудида камида учта заводини ёпади ва ўн минглаб иш ўринларини қисқартиради. Бу ҳақда концерннинг Волфсбургдаги ишлаб чиқариш кенгаши маълум қилди.

«Директорлар кенгаши Германияда камида учта заводни ёпмоқчи. Бундай қисқартиришлар зарурий чора ҳисобланади», — дейди ишлаб чиқариш кенгаши раҳбари Даниэл Кавалло.

Унинг сўзларига кўра, қисқартиришлар барибир VW’нинг барча заводларига таъсир кўрсатади, бутун бошли департаментлар ёпилиши ёки хорижга кўчирилиши мумкин. «Ушбу режалар VW’нинг барча заводларига тааллуқли. Уларнинг ҳеч бири бундан четда қолмайди», — дея таъкидлайди Кавалло.

Қайд этилишича, концернда ишлашни давом этадиган ходимлар иш ҳақи 10 фоизга қисқариши ва келгуси икки йилда оширилмаслигига тайёр туриши керак.

Германия канцлери Олаф Шолцнинг бу борадаги позицияси аниқ: автоконцерн раҳбариятининг ўтмишдаги барча эҳтимолий хато қарорлари «ишчиларга зарар етказмаслиги керак».

Volkswagen Германияда 10 та заводини бошқаради, уларнинг олтитаси Қуйи Саксонияда, учтаси — Саксонияда ва биттаси Гессенда жойлашган. Концерннинг Германиядаги заводларида 120 мингга яқин ходим фаолият юритади.

Режалаштирилаётган ишлаб чиқаришни ёпиш 2026 йилгача 10 млрд еврони иқтисод қилишга йўналтирилган харажатларни камайтириш дастурининг бир қисми бўлади. Компания электромобилларга ўтишда жон сақлаб қолиш учун харажатларни оптималлаштиришга қарор қилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид