Жамият | 17:12 / 30.10.2024
24440
2 дақиқада ўқилади

Алиментдан қочиб юрган отани “илинтирган” ходим – МИБ операцияси тафсилотлари

Тошкент вилоятида 3 нафар вояга етмаган фарзанди учун 56,8 миллион сўм алимент тўлашдан қочиб юрган эркак қўлга олинди. Мажбурий ижро бюросининг аёл ходималари қарздорни “сирли учрашув”га чақирган.

Фото: МИБ

Маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюросининг Оҳангарон туман бўлими иш юритувида бўлган ҳужжатда суд қарорига асосан, қарздор А.Аҳмедовдан ундирувчи Н.А. фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Лекин қарздор бир неча йил давомида алимент пулларини тўлашдан бош тортиб, қочиб юрган. Унинг алиментдан қарздорлиги 56,8 миллион сўмни ташкил қилган.

МИБ ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, қарздорни қидириб топиш чорасини кўриш бўйича бўлим ходимлари томонидан “унинг айш-у ишратга мойиллигини инобатга олиб, ҳийла йўли билан ушлаш” махсус режаси тузилган.

Бюронинг аёл ходимларидан бири қарздор билан Telegram мессенжери орқали бегона (сирли) аёл сифатида бир неча бор мулоқот қилиб, охир-оқибат уни учрашувга кўндирган. Эркак учрашувга “Тошкент-Ангрен” йўналишида “Yandex” такси орқали йўловчи сифатида келган. У Оҳангарон тумани ҳудудидаги учрашув белгиланган жойга келган вақтида ходимлар томонидан тезкор ушланди”, — дейилади МИБ Kun.uz'га тақдим қилинган маълумотда.

Шу куннинг ўзида фуқаро А.Аҳмедовга нисбатан МЖтКнинг 47-4-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Унга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга оид