Жаҳон | 09:10 / 31.10.2024
6112
3 дақиқада ўқилади

Гуржистон президенти Зурабишвили прокуратурага боришдан бош тортди

Прокуратура президентни Гуржистондаги парламент сайловлари сохталаштирилгани ҳақидаги сўзлари юзасидан тушунтириш бериш учун чақирди. Далил тўплаш тергов органининг зиммасида, дея тушунтирди у.

Фото: Александр Патрин/ ТАСС

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили прокуратурага сўроқ учун боришдан бош тортди, у парламент сайловлари натижаларини сохталаштириш ҳақидаги сўзлари юзасидан тушунтириш бериш учун чақирилганди. «Мен прокуратурага бормайман», деди Зурабишвили 30 октябр, чоршанба куни инглиз тилида ўтказган матбуот анжуманида.

Зурабишвили ўзининг сохталаштириш далилларини тақдим этиш учун прокуратурага чақирилишини аҳамиятсиз деб атади, чунки унинг сўзларига кўра, терговни прокурорларнинг ўзлари олиб бориши керак. «Ҳар қандай стандарт терговда далил тўплаш тергов идорасининг зиммасидадир, мен ҳеч қачон тергов идораси президентдан сайловлар билан боғлиқ далилларни тақдим этишни сўраганини кўрмаганман», деди Зурабишвили.

Унинг қўшимча қилишича, ҳар ким ўз ишини қилиши керак, прокурорлар эса терговга эътибор қаратиши ва «президент билан сиёсий ҳисоб-китобларни тўхтатиши» керак. Зурабишвили жамоатчиликка мурожаат қилар экан, Гуржистонда «ўғирланган овозлардан ҳафсаласи пир бўлган вазиятда кескинлик ва қўрқувни қўзғатишга» уринишлар борлигини айтди. «Сизга ҳам, менга ҳам психологик босим ўтказилмоқда, лекин қўрқмаслигингиз керак, ҳамма нарса хотиржам ўтади ва ҳақиқий натижалар пайдо бўлади», деди президент.

Боррел Гуржистон сайловлари бўйича «шаффоф текширув»ни талаб қилди

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Гуржистондаги парламент сайловларидаги сохталаштиришлар бўйича «шаффоф текширув» ўтказишга чақирди. «Гуржистон Марказий сайлов комиссияси ва тегишли органлар кузатувчилар томонидан билдирилганидек, жараёнга жамоатчилик ишончига таъсир кўрсатувчи қонунбузарликлар, босим ва сайловчиларни қўрқитиш ҳолатларини текшириши керак. Бу қонунбузарликлар тезкор, шаффоф ва мустақил равишда ҳал қилиниши керак», — дейилади Европа ташқи сиёсат хизмати томонидан 29 октябр куни эълон қилинган баёнотда. 

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари 26 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларидан кейин Гуржистондаги воқеаларни «жуда хавотирли» деб атади. Боррелнинг сўзларига кўра, халқаро кузатувчилар сайлов кампанияси давомида ҳам, сайлов куни ҳам қонунбузарликларни қайд этган ва улар «шунингдек, сайловларни эркин ва адолатли деб тан олишмаган».

Мавзуга оид