Ўзбекистон | 16:28 / 01.11.2024
4096
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон шаҳри аэропорти фаолияти тикланиши мумкин

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида 1980-йилларда қурилган аэропорт ҳозир ишламаяпти. Президент ушбу аэропорт фаолиятини қайта тиклаш масаласини ўрганиб, тегишли таклиф киритишни топширди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Навоий инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Қайд қилинишича, вилоятдаги Зарафшон шаҳри аҳолиси 2-3 йилда 100 мингдан ошади. Шу боис, Зарафшон ҳудудини Томди тумани ҳисобидан 2 минг гектарга кенгайтириб, 150 минг аҳоли учун шароит яратиш зарурлиги таъкидланди.

Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида жами 200 минг аҳоли яшайди. Улар Тошкент шаҳрига бориш учун аввал автомобилда 250-300 километр йўл юриб, Навоий шаҳрига етиб олади. Кейин бу ердан поезд ёки самолётга ўтириб, пойтахтга боришга мажбур бўлаяпти.

Зарафшон шаҳрида 1980-йилларда қурилган аэропорт ҳозир ишламаяпти. Ушбу аэропорт фаолиятини қайта тиклаш масаласини ўрганиб, тегишли таклифлар киритиш топширилди.

Масъуллар олдига ижтимоий инфратузилма ва коммуникация тармоқларини қиш мавсумига сифатли тайёрлаш, камчиликларни бартараф этиш вазифаси қўйилди.

Мутасаддиларга аёлларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, ёшлар билан ишлашни яхшилаш юзасидан топшириқлар берилди.

Мавзуга оид