Ўзбекистон | 21:36 / 03.11.2024
5940
2 дақиқада ўқилади

Наманганда мактаб ўқувчиси ижарага машина олиб миниб ЙТҲ содир этди

9-синф ўқувчиси бошқарувни йўқотган ва машина йўл четидаги йўл белгисига урилиб, тескари ўгирилиб қолган.

Фото: Видеодан кадр

Наманган шаҳрида мактаб ўқувчиси ижарага машина олиб миниб йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 2024 йил 2 ноябр куни соат 10:00 ларда содир бўлган. Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги хусусий мактаблардан бирининг 9-синф ўқувчиси Gentra машинасини ижарага олиб катта тезликда бошқарган.

Оқибатда, машина бошқарувни йўқотиб айланиб кетган ва йўл четига ўрнатилган йўл белгисига бориб урилган.

Дастлаб ўқувчи аввалига машина акасига тегишли эканини айтган. Бироқ суриштирувлар давомида машина бошқа шахсга тегишли экани, уни икки соатга 150 минг сўмга ижарага олгани аниқланган.

Машинада ўқувчи синфдоши билан бўлган. Ҳодисада бахтли тасодиф туфайли ҳеч ким жароҳатланмаган ва ҳалок бўлмаган.

Аввалроқ, 2 октябр куни Наманганда 5 нафар ўқувчи Gentra машинасини ижарага олиб бошқараётиб ЙТҲ содир этганди. Ўшанда уларнинг бир нафари воқеа жойида, яна икки нафари шифохонада вафот этганди.

Мавзуга оид