Жаҳон | 00:30 / 03.11.2024
10177
2 дақиқада ўқилади

Россия ФВВ уруш даврида мурдаларни тезкор кўмишга оид қўлланма ишлаб чиқди

Қўлланмада, шунингдек, марҳумни қайси ҳолатда ёқиб юбориш, кимёвий ва радиоактив моддалардан зарарланиш хавфини қай йўсинда камайтириш кераклиги ҳақида ҳам сўз боради.

Фото: ТАСС

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги уруш даврида биродарлик қабрларини кавлаш бўйича қўлланма ишлаб чиқди. Унда ҳисоб-китоблар ва нормалар белгиланган: қанча чуқурликда котлован қазиш, мурдаларни қандай жойлаштириш, тупроқни қандай тортиш ва бошқа тавсиялар. 

Фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятлар муаммолари бўйича идоравий илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган қўлланмада ёзилишича, биродарлик қабрларини жиҳозлаш учун ишчилар керак бўлади ва меҳнат харажатлари сметаси тақдим этилади. Аммо бундай дафнлар 100 нафар марҳумга мўлжалланган. Мурдаларни икки қават қилиб (ҳар бири 50 нафардан) жойлаштириш, уларнинг орасида эса бир метга яқин тупроқ бўлиши керак. Ҳисоб-китобларга кўра, асосий вақт котлован қазишга кетади — 234 киши бир соатдан ишлайди. Бунинг ўрнига булдозердан фойдаланиш мумкин. Биродарлик қабрининг узунлиги 20 метр, кенглиги уч метр, баландлиги 2,3 метр бўлади.

Қўлланмада, шунингдек, мурдани қайси ҳолатда ёқиб юбориш, кимёвий ва радиоактив моддалардан зарарланиш хавфини қай йўсинда камайтириш кераклиги ҳақида ҳам сўз боради. Россияда биродарлик қабрларини қазишга оид ГОСТ биринчи марта 2021 йилда жорий этилган. Уни юқоридаги лимий-тадқиқот институти ишлаб чиққан ва «Росстандарт»да тасдиқлатган. 

Украинага қарши уруш бошланганидан 2024 йилнинг 25 октябрига қадар камида 75,3 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. АҚШ маълумотларига кўра, октябр ўрталарида РФнинг урушдаги йўқотишлари 115 минг кишини ташкил этган. Британия разведкаси эса Россия ҳар куни 1,2 минг нафар ҳарбийсидан айрилаётганини ёзганди. Шунга қарамай мамлакат Мудофаа вазирлиги ҳар ой 25-30 минг нафар янги аскарларни хизматга жалб қилмоқда.

Мавзуга оид