Ўзбекистон | 18:33 / 04.11.2024
2902
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Шанхайда Хитой бош вазири билан учрашув ўтказди

ХХРнинг Шанхай шаҳрида еттинчи Хитой халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Ўзбекистон ҳукумати делегацияси мазкур тадбирда фахрий меҳмон мақомида иштирок этмоқда.

5-10 ноябр кунлари Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида еттинчи Хитой халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Мазкур тадбирда фахрий меҳмон мақомида иштирок этиш учун бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Шанхайга ташриф буюрди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби хабар берди.

Маълум қилинишича, ташриф доирасида Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири Ли Сян билан учрашув ўтказилган. Дастлаб, Ўзбекистон томони Шавкат Мирзиёевнинг ХХР раиси Си Жинпингга йўллаган самимий саломини етказган. Ўз навбатида, Хитой томони Си Жинпингнинг Ўзбекистон раҳбарига эзгу тилакларини етказиб қўйишни сўраган.

«Хитой Ўзбекистоннинг ишончли, вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкори экани, икки томонлама алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, муносабатларнинг бугунги даражага кўтарилишида Ўзбекистон президенти ва Хитой раиси ўртасидаги ишончли, самимий ва дўстона муносабатлар асосий омил бўлаётгани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилган. Хусусан, 2023 йилда савдо айланмаси 14 миллиард долларга етган. Ҳар икки давлат раҳбарлари ҳукуматлар зиммасига унинг ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган.

«Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, саноат, инфратузилма, транспорт-логистика, «яшил» энергетика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, IT, таълим, туризм, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди», — дея таъкидланади хабарда.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Шанхай шаҳри Партия қўмитаси котиби Чен Цзинин ҳамда «Henan investment Group», «China Datang Group», «Shanxi Tianhai Group» сингари Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарияти билан ҳам учрашувлар ўтказилган.

Мавзуга оид